ИИВ Шўрданак ва Қалпоқ ижодкорлари билан боғлиқ вазиятга изоҳ берди
Xushnudbek.uzMatn3 daqiqa0«Шўрданак» ва «Қалпоқ» ижодкорлари билан боғлиқ вазият ҳақида Кун.уз нашри яхши таҳлил тайёрлабди, ўқишни тавсия қиламан.
Қисқача мазмуни:
ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шохруҳ Ғиёсов мазкур узр сўраттириш ҳолатини қоралаган ва бу ЙҲХББда ташкил этилган янги ахборот хизматининг хатоси эканлигини таъкидлаган. Айрим иқтибослар:
«Буни чиқаришдан олдин аслида мен кўриб беришим керак эди. Қайсидир жойда қайсидир раҳбар келиб, ақллилик қилган. Тўхта, мана бу жойини алоҳида чиқарамиз, деган. Натижада яхши ниятда бошланган иш тескарисига айланиб кетган.
Ҳажвий чиқиши, танқидий мақоласи учун журналистларни, ижодкорларни изза қилиш мақсадимиз йўқ. Аксинча, журналистлар бемалол мурожаат қилсин бизга, блогерлар мурожаат қилсин. Нима бўлса, биз очиқмиз, тайёрмиз. Қандай маълумот керак бўлса, берамиз қўлдан келганча.
Аслида мақсад бошқача эди. Биз ҳам ижодкорларнинг олдида уялиб қолдик. Чунки ҳамманинг олдида “ана, узр сўрашди-узр сўрашди” бўлиб кетиб қолди. Энди ўзимиз улардан бориб узр сўраймиз. Чунки уларни ноқулай ҳолатга қўйдик. Қариндошларининг олдида, фарзандларининг олдида ноқулай қилиб қўйдик», - деган Шохруҳ Ғиёсов.
Ҳажвий кўрсатув ижодкорлари эса ЙҲХББдагилар уларга ёлғон гапиришгани, видеони фақат бошлиғимизга кўрсатамиз деб, алдаб, лекин оммага эълон қилишганини айтган.
«Қалпоқ» ҳажвий дастури ижодий гуруҳи раҳбари Раҳмонали Суроповнинг айтишича, ҳаттоки унга телефон орқали босим қилишган.
Иқтибос:
«Менга: «Бошлиғимиз сизни аслида жиноий жавобгарликка тортиш керак деди», дейишди.
Бундан ташқари, у мендан «Сизнингча, “ГАИ”лар пул олишадими?», деб сўради. Мен эса «Нега олишмас экан? Ҳозир бу гапни ҳайдовчилар эшитса, кулиб юборишади», дедим.
Улар менга нотўғри ҳаракат қилганимни айтишди. Мен эса бу огоҳлантириш демократияга зид эканини, Қозоғистонда ҳам «мелисахоналар» фаолияти бемалол юмор қилинишини таъкидладим. Улар менга «Ундай бўлса, Қозоғистонга бориб яшанг», дейишди», дея таъкидлаган Раҳмонали Суропов.
«Шўрданак» ҳажвий дастури ижодий гуруҳи раҳбари Эркин Чўлиев ҳам ЙҲХББдагилар уларни алдашганини айтган.
Иқтибос:
«Бизга соҳамизни кулгига оляпсизлар, бу фаолиятимизга таъсир қиляпти деб айтишди. Ўртада гина-кудурат бўлмаслиги учун “Ҳазилларимиз оғир ботган бўлса, биздан ўтган бўлса, узр, кечирасизлар. Агар бундай ҳазилларимиз ёқмаётган бўлса бошқа бундай ҳазил қилмаймиз”, деб айтдик.
Бу видеони ижтимоий тармоқларда тарқатиб юборишларини билмагандик. Билганимизда умуман гапирмасдик. Улар чиқармаймиз, видео ўзимизда қолади дейишганди. Камерани ёқишаётганда сабабини сўраганмиз, “Видеони бошлиғимизга кўрсатамиз”, деб айтишганди.
Кеча бу нарсалар тарқалган вақтда мен съёмкада эдим. Съёмка жараёнидаги танаффусда шогирдлар кўрсатиб қолишди буни. Асабимиз роса бузилди. Бир амаллаб съёмкани охирига етказиб олдик. Майли, саломат бўлишсин, аммо бу ишлари кайфиятимизга яхшигина таъсир қилди. Юртдошларимизнинг борига шукр, ижтимоий тармоқларда фойдаланувчиларнинг фикрларини ўқиб бироз ўзимизга келдик. Одамлар бизни қўллаб-қувватлашмаганда, қайтанга танқид қилиб кетишганда бу соғлиғимиз, руҳиятимизга яхшигина зарар етказган бўларди. ИИВ бунинг учун жавоб бера олармиди кейин? Бу жиддий масала», - деган Эркин Чўлиев.
Хулоса ўзингиздан.
👉 @xushnudbek 👈



