Ифтихор клуби футболчилари калтаклангани ҳақида
Manba:Daryo — LIVE
Футбол бўйича Ўзбекистон Про-лигасида қатнашувчи «Ифтихор» деган клуби бор. Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидан. Икки кундан бери жамоатчилик диққат марказида. Жамоа 6 май куни Бухорода «Лабса»га 1:2 ҳисобида ютқазган, сўнг «Шердор» билан 14 майда ўз майдонида 1:1, 18 майда эса сафарда 2:3 ҳисобини қайд этган. Уч ўйинда атиги бир очко қўлга киритилган.
26 май куни жамоанинг икки футболчиси — ҳимоячилар Турсунбой Ҳусанов ва Ҳасанбой Эргашев калтакланган. Муштумзўрлар бегона эмас: бири жамоа бошлиғи Аҳрор Эргашев, иккинчиси эса жамоа катта мураббийи Нодир Қўзибоев. Жамоа раҳбарлари Турсунбойни ҳам, Ҳасанбойни ҳам «Лабса» ва «Шердор»га ўйинларни сотганликда гумон қилган. Гумонларга асос борми-йўқми, номаълум.
«Кун.уз» калтакланган футболчиларнинг суратларини эълон қилди. Турсунбой Ҳусановнинг оёғи кўкариб кетган, умуртқа ҳам лат еган. Уни Аҳрор Эргашев милиция тўқмоғи билан урган (зарбнинг кучидан тўқмоқ синиб кетган). Ҳасанбой Эргашевни эса кетмон сопига ойна синиғини қистириб уришган. «Ўнг оёғим болдирлари моматалоқ бўлиб кетган. Чап оёғим суяги дарз кетиб гипсда», дейди Ҳасанбой.
Ҳокими бутун бошли туман аҳлини «ҳороми!» деб сўкадиган, етимларни тарбиялашга масъул баъзи ходимлари ўша етимларни зўрлайдиган вилоятдан навбатдаги шафқатсизлик, навбатдаги зулм намунаси. Ҳозирча муштумзўр бошлиқ ва мураббийга фақат Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси чора кўрди — Аҳрор Эргашев ҳам, Нодир Қўзибоев ҳам футболдан четлатилди.
Муносабат билдириш навбати — бошқа тегишли органларга. Хусусан, Ёшлар Иттифоқига ҳам. Чунки «Ифтихор» — Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи ҳомийлигидаги жамоа саналади. Бошқачасига айтганда — Иттифоқнинг миллий футболдаги юзи. Энди — доғ тушган юзи. Турсунбойнинг айтишича, у жамоа билан бир йиллик шартнома тузган, шартнома бўйича ҳар ой 1 миллион сўмдан маош олиши керак, лекин йил бошидан бери фақат 800 минг сўм олган.
Кўриниб турибдики, Ёшлар Иттифоқининг жамоасида нафақат маънавий-ахлоқий, балки моддий-молиявий аҳвол ҳам қониқарсиз. Футбол ўзи оғирроқ соҳа. Шу сабаб Иттифоқ ҳомийлик, васийлик қилган бошқа соҳаларда ишлар беш, деб ишонгимиз келади.
- 👍 2

