Huquqiy savol-javoblarning tili haqida
Ҳуқуқий савол-жавобларнинг тили ҳақида
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Телеграм каналида қуйидагича савол-жавоб эълон қилинди:
«Савол: Ўқишдан четлатилган талаба неча йил муддат ичида ўқишни қайта тиклаши мумкин?
Бир олий таълим муассасаси доирасида олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари (мутахассисликлари) бўйича талабалар ўқишини қайта тиклаш — талабалар сафидан четлаштирилганлигига
👉 5 йилгача бўлган муддатда шу олий таълим муассасаси ректорининг буйруғи асосида;
👉 5 йилдан 10 йилгача муддат ўтганда олий таълим муассасаси бўйсунадиган вазирлик (идора) қарори асосида;
👉 10 йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса Идоралараро комиссия қарори билан амалга оширилади».
ОАВларни кузата туриб, ҳуқуқий саволларга бериладиган жавоблар аксарият ҳолларда халқ учун тушунарсиз, шунчаки қонун ҳужжатларидан кўчирилган ҳолда берилишига гувоҳи бўламиз. Айрим газета ва журналларда берилган савол-жавобларни қайта-қайта ўқиб, ҳатто юрист бўлсам тушуна олмайман. «Мен нима дейману, қўбизим нима дейди», деган нақл эсга тушади.
Ҳуқуқий саволларга имкон қадар халқ тилида содда қилиб, жавоб беришни ўрганишимиз керак. Бу бевосита халқнинг ҳуқуқий онги ошишига ёрдам беради. Судда ёки терговда бўлса, тушунарли, ўта расмий ва қонун тили билан ёзса ярашади.
Масалан, юқоридаги саволга қандай жавоб берган бўлар эдим:
«Савол: Ўқишдан четлатилган талаба неча йил муддат ичида ўқишни қайта тиклаши мумкин?
ЖАВОБ: Исталган муддатда! Яъни ҳеч қандай йил чеклови ўрнатилмаган, талаба хоҳласа 2 йилдан кейин, хоҳласа 20 йилдан кейин, ўқишини тиклаш учун ариза бериши мумкин.
Фақат эътиборли бир жиҳати, тикланиш муддатининг узоқлигига қараб, масалани ҳал қиладиган ташкилотлар ўзгаради. Яъни қанча узоқ вақт ўтса, шунча “тепадан” ҳал бўлади.
Масалан, агар четлатилганига 5 йилдан ортиб кетмаган бўлса, унда тикланиш масаласини ўзи ўқиган ОТМ ректори ҳал қилиб қўя қолади.
Агар 5 йилдан 10 йилгача вақт ўтган бўлса, унда ўзи ўқиган ОТМ бўйсунадиган вазирлик ҳал қилади. Мисол учун, Юридик университетга тикланмоқчи бўлса - Адлия вазирлиги ёки Тиббиёт академиясига тикланмоқчи бўлса – Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳал қилади.
Агар четлатилганига 10 йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса, унда Идоралараро комиссия ҳал қилади. Бунақа идоралараро комиссия Бош вазир бошчилик қилагидан Ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг қошида тузилади».
Мана шунақа жавоб бериш, менинг фикру ожизимча, бироз тушунарлироқ бўлармиди, ким билсин.
P.S.: Бу билан вазирлик берган жавоб нотўғри ёки ғализ, меники зўр демоқчи эмасман, уларнинг жавобини ҳам бемалол тушунса бўлади. Шунчаки ҳуқуқий савол-жавоблар ҳақида анчадан буён айтмоқчи бўлиб юрган фикрларим бор эди, кечаги пост мисол тариқасида шунга тўғри келиб қолди холос. Русча айтганда - «ничего личного».
Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ

