Ҳоким ва фуқаро ўртасидаги воқеага ҳуқуқий муносабат

Matn10-oktabr, 2019, 00:102 daqiqa0 koʻrishtahrirlangan

Муштарийлар томонидан қолдирилаётган фикрлар учун раҳмат. Айрим жойларини тўлдириб кетсам.

Юқорида масалага фақат умумий баҳо берилди. Эътибор берсангиз, «квалификация қилиш мумкин» дейилмоқда. Лекин бу дегани айнан шу моддалар билан жавобгарликка тортилиши шарт дегани эмас. Аслида маълум бир хатти-ҳаракатга фақат битта видео орқали юзаки баҳо бериб бўлмайди, у ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тегишли процессуал тергов ҳаракатлари ўтказилгандан сўнг аниқ бўлади.

Масалан, воқеага чуқурроқ ёндошсак, ҳолатга тўлақонли баҳо бериш учун кўплаб деталлар аҳамиятли. Яъни айталик маккажўхорини фуқаро эмас, балки унинг набиралари ўйинқароқлик билан юлиб чиққан бўлса, уларнинг ёшини ҳисобга олиб умуман ҳеч қандай жавобгарлик келиб чиқмаслиги ҳам мумкин. На маъмурий, на жиноий. Видеодан буни аниқлаш имкони йўқ.

Ёки маккажўхорилар фуқаронинг машинасининг юкхонасидан олиниб, “Каптива” русумли машина юкхонага ташланмоқда. Аввало у машина кимникилигини аниқлаш керак. Агар фермернинг машинаси бўлса, унда тушунарли. Агар ҳокимнинг машинаси бўлса, унда яна ҳолатни аниқлаштириш керак. Видеодан буни аниқлаш имкони йўқ.

Ёки айрим муштарийларимиз тўғри таъкидлаганидек, мазкур маккажўхорилар юридик шахснинг балансида бўлса, унда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 61-моддаси (Оз миқдорда талон-торож қилиш) билан квалификация қилиш мумкин. Видеодан буни аниқлаш имкони йўқ.

Ёки ушбу ҳолатда фуқаронинг ҳаракатлари вояга етмаган шахсни маъмурий ҳуқуқбузарлик (ёки вазиятга қараб жиноят) содир этишга жалб қилиш каби моддалар билан квалификация қилиниши ҳам мумкин. Видеодан буни аниқлаш имкони йўқ.

Ёки ҳоким фуқарони набиралари билан биргаликда ўзбошимчалик билан видеога олиб, тарқатгани учун шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш деган модда билан маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин. Маънавий зарар ундирилиши ҳам мумкин.

Умуман воқеани чуқур таҳлил қилсак, айтиладиган гаплар кўп. Бу битта постга сиғмайди. Барчаси тегишли текширувлардан кейин аниқ бўлади, биз юзаки ҳукм ўқишга ҳаққимиз йўқ.

Юқоридаги постдан асосий мақсад – иккала томон ҳам ноҳақ, демак иккаласи ҳам қонун олдида жавоб берсин, деган маъно бор эди. У кимлиги, қайси лавозимдалиги, оддий халқ ёки мансабдорлиги, бой ёки камбағаллиги, умуман аҳамият касб этмаслиги керак. Қонунни буздими, тамом, жазо муқаррар бўлсин. Истагим шу. Қолган ҳаммаси майда гаплар.

P.S.: бировнинг мулкини олса нима бўпти, деган фикрларга эса мутлақо қўшилмайман. Ўзганинг мулкини берухсат олиш мумкин эмас, у атиги 10 та маккажўхори бўладими, 1 дона олма бўладими, ёки 10 млн долларми, фарқи йўқ. Олиш мумкин эмас - тамом!

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek