Гиннес оши лойиҳаси тарихи ва Баҳриддин Чустий ҳақида

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanalMatn2 daqiqa0tahrirlangan

​​Гиннес оши ҳақида қисқагина

Кўпчиликка қизиқ бўлгани учун, ушбу лойиҳа ҳақида қисқагина сўзлаб бермоқчиман.

Гиннес оши лойиҳаси дастлаб моҳир ошпаз, қадрдон дўстим ва акам Баҳриддин Чустий томонидан ишлаб чиқилган эди. 2011 йилда у Россияда ишларди. Ўшанда бу лойиҳаси ҳақида менга сўзлаб берган ва ташкилий жараёнлар қандай бўлиши тўғрисида маслаҳат солганди. Бугун ўша хотираларни эслаб, MailRu почтамдаги хатларни очиб кўрдим, 2011 йил 14 июнь куни лойиҳа ҳақида хат юборган экан.

Ўшандан кейин биргаликда ишга киришдик, мен Гиннес билан боғландим, уларнинг тартиб-қоидаларини, рекорд қайд этиш шартларини ўргандим. 6 йил давомида жуда кўп инсонлардан, амалдорлардан, бизнесменлардан, турли ташкилотлардан ёрдам сўраганмиз. Лекин ҳеч ким бу лойиҳага бош қўшишни истамади.

Аммо Чустий барибир қачондир ушбу орзуси амалга ошишига қаттиқ ишонарди. Ва ўша кун 2017 йилда насиб қилди. Комил Алламжонов лойиҳани амалга ошириш ва молиялаштиришга рози бўлди.

Бу орада Чустий жуда кўп савдоларни бошидан кечирди, кўпчиликнинг маломатларига қолди, яна кўпчилик унга ишонмади, айрим яқин инсонлари орқадан пичоқ ҳам урди, аммо барибир у ортга қайтмади. Бу ишни уддалай олишига қаттиқ ишонди ва жамоадагиларни ҳам бунга ишонтира олди.

2017 йил 8 сентябрда Чустий иккаламизнинг 6 йиллик орзумиз биз ўйлаганимиздан ҳам зиёдроқ бўлиб амалга ошди!

Ушбу лойиҳа ҳақида ҳалигача пичинг қиладиганлар топилади. Ўзбеклар фақат ош қилишни билади, овқат деса томдан ташлайди, бировлар коинотни эгаллаётган, илмда Нобель олаётган пайти биз 8 тонна ош қиламиз ва ҳ.к., ва ҳ.к. Лекин биздан Нобель оладиган олимлар чиқмаётганига ошпазларнинг айби йўқку. Улар ўз ишини бажаришди, бажарганда ҳам ортиғи билан, бутун дунёни қойил қилиб уддалашди.

❗️Агар юртимиздаги ҳар бир касб эгаси, у хоҳ олим, деҳқон, спортчи, ўқитувчи, тадбиркор бўлсин, худди Чустий ва бошқа ошпазлар каби ўз соҳасида энг катта марраларни режа қилиб, бу йўлдаги машаққатларга чидаб, унга интилса ва амалга оширса, юртимиз анча ривожланиб кетиши аниқ. Яъни қанақадир оламшумул тараққиёт стратегиясини ишлаб чиқиш шарт эмас, шунчаки ҳамма ўз ишини қойиллатиб, сидқидилдан бажарса бўлди, шунинг ўзи ёрқин келажак дегани.

Бугун Чустий коронавирусга қарши даволанмоқда. Шукрки, аҳволи яхшиланиб боряпти, доимий алоқада бўлиб турибмиз. Ундан хавотир олган, унинг ҳаққига дуода бўлиб турган барчага катта раҳмат. Оғир дамлар ортда қолгани рост бўлсин. Аллоҳ ўзи тезроқ шифо берсин, илоҳим.

Баҳриддин ака, бўлди, ётавермасдан, тезроқ шифохонадан чиқинг энди, Сиз билан биргаликда қиладиган қанчадан-қанча лойиҳаларимиз кутиб турибди ахир.

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek