Фараларни ёқиб юриш талаби бўйича ўзгариш бўлиши мумкин

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanalMatn2 daqiqa0

1 январдан «фаралар»ни ёқиб юриш талаби бўйича ўзгариш бўлиши мумкин

Аввал хабар берганимиздек, 2021 йил 1 январдан куннинг ёруғ вақтида барча транспорт воситаларининг "фара"сини ёқиб юриш тартиби кучга киради.

ИИВ ЙҲХББ бу бўйича баёнот берди. Баёнот бироз тушунарсиз ва сирли.

«Ушбу масала юзасидан ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг ўз фикр мулоҳазалари мавжуд бўлиб, тегишли таклифлар тайёрланган ва ушбу йўналишда чора-тадбирлар белгиланмоқда. Ўйлаймизки, белгиланаётган чора-тадбирлар халқ манфаатларига хизмат қилади», — дейилади хабарда.

Гап қандай чора-тадбирлар ҳақида кетяпти, 1 январга атиги 15 кун вақт қолганда яна нима ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда, бу ҳақда бирор маълумот айтилмаган. Лекин "халқ манфаатлари" ҳақида гап кетгани учун, бирор енгиллик бўлса керак, деган гумон қилиш мумкин.

Ўз навбатида бугун депутат Расул Кушербаев ҳам бу масалада пост қолдирди ва бир гуруҳ депутатлар томонидан Вазирлар Маҳкамасига ҳамда Ички ишлар вазирлигига ушбу тартибни ўзгартиришга оид сўров хати киритилганини маълум қилди. Депутатнинг айтишича, мазкур талабни фақат автоматик ёниб турувчи кундузги сигнал чироқлари билан жиҳозланган машиналарга қўллаш керак, автомат ёнадиган чироғи бўлмаса, ушбу талаб уларга татбиқ этилмаслиги керак.

Мантиқан олганда, ҳам бу таклифда ҳам жон бор. Чунки агар машинанинг ўзида автомат ёнадиган кундузги чироқ (ДХО) бўлмаса, унда ҳайдовчилар устага бориб, қўшимча чироқ ўрнатишга мажбур бўлади, бу эса худди ўтган йили бўлганидек катта муаммоларни келтириб чиқариши, ёнғинлар ва авария ҳолатларига сабаб бўлиши мумкин. Ёки ДХО чироқ ўрнатмаган ҳайдовчилар асосий ёхуд габарит чироқларни ёқиб юришади. Бунақа ҳолатда ҳам муаммо келиб чиқиши мумкин, чунки машинанинг асосий чироқлари кун давомида ёниб юришга мўлжалланмаган. Ёки фара хиралашади, ёки симлар қизиб кетади, ёки кўпчиликнинг эсидан чиқиб қолиб, аккумулятор "ўтириб қолади". Ҳар ҳолда ўтган йили шунақа бўлган эди.

Кутамиз, бу бўйича қандай қарор қабул қилинар экан.

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek