Электр энергияси истеъмоли мониторингини яхшилаш таклифи
Истеъмолчиларга қулайлик яратиш керак
Бир ойда қанча электр энергияси ишлатаётганингизни биласизми, дея каналимизда ўтказилган сўровда овоз берганларнинг 53 фоизи худди мен каби билмаслигини айтишди.
Биладиганларнинг 36%и 100 кВт·соатгача, 30%и 200 кВт·соатгача, 19%и 300 кВт·соатгача, 15%и 400 ва ундан ортиқ кВт·соатгача ишлатишини билдирган.
Нима учун кўпчилик ойига қанча ишлатишини билмаслигининг сабаблари менга номаълум. Лекин истеъмолчига бу маълумотлар етказилиши учун етарли шароит борми? Ёки албатта ҳамма квитанцияларига қараб, ёки ҳар ой ҳисоблагичидаги кўрсаткични бирор жойга ёзиб олиб юриши керак? Ёки шунчаки ҳар ой тўлаётган пулидан келиб чиқиб, тахминан ҳисоблайдими?
Масалан, шу сўровни эълон қилгач, ўзимизнинг уй бўйича ойлар кесимида ишлатилган электр энергияси сарфини қидиришга ҳаракат қилдим. "Ҳудудий электр тармоқлари"нинг сайтига кирсам, шахсий кабинетга кириш ҳуқуқини (доступ) олиш учун албатта корхонага шахсан бориш керак экан. 21 асрда бундан ҳам қулайроқ ва хавфсизроқ идентификация усуллари бўлган бир замонда, шахсий кабинетга кириш учун шахсан ўзинг корхонага кел дейиш ғалати.
Ҳозир Канадада яшаётган юртдошимиз Фарҳод Файзуллаев бу бўйича кўп постлар ёзади. Масалан, мана бу ерда уларга хизмат кўрсатувчи компания ҳар ой қанча электр ва газ истеъмол қилаётганини аввалги ойлар билан солиштириб маълумот юборишини айтган (пастдаги суратга қаранг). Мана бу ерда эса ҳар ой коммунал тўловларга қанча пул тўлаётганингизни аниқ кўрсатиб ҳисобот юборишлари ёзилган. Яъни сиз ҳар ой аниқ кўриб турасиз, энергия истеъмолингиз ошяптими ёки камаяптими? Ошган бўлса, нима учун? Нима қилса, камайтирса бўлади?
Нега бизда шунақа хизматлар йўқ?! Нега биз аҳолига энергия истеъмоли маданиятини шу каби усуллар билан ўргатмаймиз? Ёки бору, мен топа олмадимми?
Бирорта сайт ёки мобил илова орқали нисбатан осон (ва шу билан бир қаторда хавфсиз) усуллар билан ҳар бир фуқаро ўзининг электр, газ ва бошқа шу кабилар бўйича ҳар ойлик, балки техник имкони бўлса ҳар кунлик сарф-харажатларини кўриб бориш имкониятини яратиш, агар истеъмол ошиб кетаётган бўлса, унда бунинг сабабларини таҳлил қилиб, истеъмолчига фойдали маслаҳатлар бериб бориш керак.
Тўғри, бизда электрон почтадан кўпчилик фойдаланмайди, лекин ҳеч бўлмаса SMS ёки Телеграм бот орқали шу каби ҳар ойлик ҳисоботларни юбориш мумкинку. Фақат аҳолини энергияни исроф қилишда айблайвермасдан, балки тўғри тарғиботни йўлга қўйиб, одамларга керакли маълумотларни бериб бориш керак.
Энергетика вазирлиги бу ҳақда бош қотириши мақсадга мувофиқ.
👉 @xushnudbek 👈
- 👍 1156


