ДХХ раиси Абдусалом Азизов Яккабоғга келди
ДХХ раиси Абдусалом Азизов Яккабоғга келди
27 июль куни кечки пайт ДХХ раиси Абдусалом Азизов Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ тумани, «Эски Яккабоғ» ҳудудида бўлиб, ҳолат юзасидан вилоят масъуллари билан мулоқот қилди. Бу ҳақда «Дарё»га туман ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Бозор Азизов маълум қилди.
Абдусалом Азизов Баҳриддин Исомовга тегишли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш дўкони бетон ғиштдан қурилган бино эканлигини таъкидлаб, бу бинони бузишга уринган туман масъуллари ишини қоралаган.
— ДХХ раиси тадбиркор дўкони бузилиши юзасидан фикр билдирар экан, «Одатда пахса девордан бўлган ёки бугунги кун талабига жавоб бермай қолган бино бузилади-ку, нега тадбиркорнинг бу биносига тегинилди?» деб қаттиқ койиб гапирди, — дейди Бозор Азизов. — Шунингдек, тадбиркорларга халал бериш эмас, аксинча, ёрдам бериш зарурлигини таъкидлади.
Маълум қилинишича, ДХХ раҳбари билан бўлиб ўтган мулоқотда Эски Яккабоғ ҳудуди бир ҳафта мобайнида «Обод марказ»га айланиши лозимлиги, бунинг учун вилоятдан керакли ёрдам берилиши айтилган.
Туман ҳокимлиги вакилларининг ҳаракатларидан азият чеккан Низом Воҳидов, Дилфуза Боқиева, Фарруҳ Жабборов каби уй-жойи бузилган 7 нафар, ҳовли деворлари бузилган 27 нафар, жами 34 кишига 1,7 миллиард сўм компенсация пуллари тўлаб берилиши таъкидланган.
Ҳозирча Яккабоғ туманига янги раҳбар тайинланмаган.
👉 @xushnudbek 👈

