Чўнтак адвокатлари ва Президент қарори ижросининг кечикиши

Matn3-may, 2019, 12:133 daqiqa0 koʻrishtahrirlangan

«Чўнтак адвокатлари» ҳақида: Президент қарорининг ижроси нима учун кечикяпти?

Яқинда ижтимоий тармоқларда Молия вазирлиги департаментининг бош иқтисодчиси айтган бир факт кенг муҳокама бўлди. Айтилишича, Зангиота туманида бир адвокат 2 январь куни бир кунда 162 одамга хизмат кўрсатган экан.

Бунақалар «чўнтак» ёки «дежурный» адвокатлар дейилади. Қуйидаги мақолада давлат бу каби «чўнтак» адвокатларига қачон ва қанча миқдорда ҳақ тўлаши ҳақида ёзганман. Мақоланинг охиридан парча келтираман, сайт орқали тўлиқ ўқиб олишни тавсия қиламан:

«Муаммонинг ечими борми?

Бундайин «чўнтак» адвокатлари борлиги, афсуски, жиноят-процессуал қонунчилигининг оғриқли нуқталаридан биридир. Сабаби бу каби ўз ҳимояси остидаги шахсларнинг тақдирига мутлақо қизиқмайдиган, уларни ҳимоя қилиш учун зиғирча ҳаракат ҳам қилиб қўймайдиган, асосийси терговчи кўрсатган жойга имзо қўйишдан нарига ўтмайдиган қўштирноқ ичидаги «адвокатлар» мисоли жамиятдаги адолат тизимини кемириб ётган кемирувчилардир. Улар адвокатура институтига нисбатан халқ орасида ишончсизлик келтириб чиқаради ва энг асосийси ҳалол ҳамда ўз касбининг фидойиси бўлган бошқа адвокатларни иснодга қўяди.

Аслида муаммонинг ечими учун илк қадамлар ташлаб бўлинган. Аниқроқ айтадиган бўлсак, ўтган йилнинг 12 май санасида «Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5441-сонли Президент қарори қабул қилинган эди.

Мазкур қарор билан тасдиқланган адвокатура институтини янада такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар дастурининг 14-бандида гумонланувчи, айбланувчи ва судланувчига давлат ҳисобидан ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи адвокатни автоматик равишда танлаш бўйича махсус электрон тизимни жорий этиш вазифаси белгиланган.

Бу нима дегани?

Ҳозирги тартибга кўра, суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд ҳимоячи тайинлаш тўғрисида сўров юборганда (қоғозда), Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси томонидан белгиланадиган адвокатлик тузилмаси раҳбари 4 соатдан кечиктирмай жиноят иши бўйича ҳимоячининг иштирокини таъминлайди. Яъни мана шу жойда инсон фактори муҳим роль ўйнайди. Терговчи қайси адвокатни хоҳласа, ўшани чақириб олиш имконияти бор. Адвокатлар палатаси қайси адвокатлик тузилмасини танлашни, адвокатлик тузилмаси раҳбари эса қайси адвокатни «дежурка»га юборишни ўзи белгилайди. Уларнинг истаклари имкониятлари билан ҳамоҳангдир. Инсон фактори аралашган жойда эса, нималар бўлишини ўзингиз яхши билсангиз керак.

Президент қарорида таклиф этилаётган тизим эса ушбу жараёнда инсон факторини четга суради, тасодифий танлашга асосланган махсус электрон тизим автоматик равишда шу ишда қайси адвокат қатнашишини белгилаб беради. Бу биринчидан шаффофликни таъминласа, иккинчидан адвокатлар ўртасида тенгликни юзага келтиради. Қайсидир адвокат 1 кунда 162та, яна бошқа бири 162 кунда 1та давлат томонидан ҳақ тўланадиган ишга тайинланишига чек қўйилади.

Президент қарори ижроси нега 5 ой кечикмоқда?

Хўп, тизимку яхши экан, лекин унинг ижроси қачон бўлади?

Агар Президент қарорига назар ташласак, мазкур банд учун ижро муддати 2018 йил 1 декабрь этиб белгиланган. Қарор қабул қилинганига салкам 1 йил бўлди, белгиланган муддат ўтиб кетганига эса 5 ойдан ошди. Аммо ҳали-ҳануз бу тизим ишга тушгани йўқ.

Қарорда мазкур тизимни яратишга масъул сифатида Адвокатлар палатаси ва Адлия вазирлиги белгиланган. Қизиқ, ушбу икки ташкилот нима учун Президент қарорида белгиланган топшириқнинг ижроси 5 ойдан кўпроқ вақтга кечикаётгани ва ўзи бу тизим қачон амалиётга жорий этилиши ҳақида бирор изоҳ берармикин?»

https://kun.uz/97952338

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek