Чилонзорда бир оиланинг тўрт фарзанди вафот этди
Xushnudbek.uzMatn1 daqiqa0Manba:Daryo — LIVE
Чилонзордаги оиланинг тўрт фарзанди бир кечада вафот этди. Катта эҳтимол билан, бунга ис газидан заҳарланиш сабаб бўлган
Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани «Гавҳар» маҳалласи Дилхуш кўчасидаги янги қурилган уч қаватли уйига яқинда кўчиб кирган оиланинг тўрт фарзанди — уч қизи ва бир ўғли вафот этди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг баёнотида фарзандлар ўлими юзасидан ҳозирча иккита тахмин — ё овқатдан, ё ис газидан заҳарланиш сабаб бўлиши мумкинлиги таъкидланган.
Воқеа жойида бўлиб қайтган «Кун.уз» мухбирининг Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Республика бош Давлат санитария врачи Саидмурод Саидалиевга асосланиб хабар беришича, «фожиага заҳарланиш сабаб бўлган, бироқ марҳумлар таомдан эмас, балки катта эҳтимол билан ис газидан заҳарланишган».
Нашр мухбири ушбу ҳолат юзасидан тергов-суриштирув ишларини олиб бораётган мутасаддилар билан ҳам суҳбатлашган. Хусусан, Чилонзор туман прокуратураси мулозими мазкур ҳолат бўйича тергов ишлари олиб борилаётгани, Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан жиноий иш қўзғатилганини маълум қилган.
Шу билан бирга, унинг таъкидлашича, суд-тиббий экспертиза хулосалари чиқмасдан туриб, марҳумларнинг ўлимига нима сабаб бўлгани борасида аниқ фикр билдириб бўлмайди. Ис газидан заҳарланиш тахмини тасдиқланса, Жиноят кодексининг 259-моддаси («ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш») бўйича жиноий иш очилиши мумкин.
