Бюрократик мажлислар ва вақт исрофи танқид қилинди

Matn15-oktabr, 2020, 12:302 daqiqa0 koʻrishtahrirlangan

Ҳамма мажлисга!

Бугун қизиқ бир мажлисда қатнашдим. Республика Маънавият ва маърифат марказида бўлган мажлисда "Қадринг баланд бўлсин, она тилим" танловининг тақдирлаш маросимини ташкил этиш муҳокама қилинди. Тадбир ва мажлис ташкилотчиси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти. Яхши танлов ташкил қилинибди, бардавом бўлсин.

Мажлисда 20 га яқин вазирлик ва идораларнинг раҳбар ходимлари қатнашди.

Мажлис узоғи 10-15 дақиқа бўлди. Мажлисни олиб борувчи вакил Ташкилий қўмита раиси томонидан тасдиқланган, олдиндан ҳамма ташкилотга тарқатилган ва шундоқ ҳам барчанинг хабари бўлган вазифалар тақсимотини, яъни ким нима қилиши кераклигини яна бир бор ўқиб берди. Биттадан турғизиб, "сиз фалон нарсани қиласиз" деди, бўлди.

Шу билан мажлис тугади ва ҳаммага рухсат берилди.

Олдиндан ҳамманинг хабари бўлган нарсани эшитиш учун 20 га яқин ташкилотлар раҳбар ходимларининг 1 соатга яқин вақти олинди (келиш-кетиши билан). Ҳамма бекорчи деб ўйлашса керак-да. Деярли барча мажлис иштирокчилари хизмат машинасида келган, демак ҳайдовчилар билан қўшганда тахминан 40 киши овора, давлат бюджетидан ёқилғи учун беҳуда харажат сарфланди.

Аммо буларни ўйлашмайди. Шу мажлисдаги гапларни онлайн Zoom орқали, Telegram орқали, ёки жуда бўлмаса телефонда ҳам айтса бўладику, деган фикр уларнинг хаёлига келмайди.

Йўқ, ҳаммани мажлисга йиғ, бор нарсани яна бир марта ўқиб бер ва кейин ҳаммага рухсат бериб юбор. Тамом. Бошқачасига ишламаймиз. Ўзимизнинг севимли бюрократик принципимиздан воз кечмаймиз. Ҳатто пандемия пайтида ҳам.

Тугади.

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek