Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозилов лавозимига қайтди

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanalMatn1 daqiqa0

Ижтимоий тармоқларда машҳур бўлган Бухоро шаҳар прокурори яна ўз лавозимига қайтди ва унга «ҳайфсан» берилди

Бу ҳақда Бош прокуратура баёнот берди. Унда айтилишича, бир тадбиркорнинг Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозиловнинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб ёзган аризаси юзасидан хизмат текшируви ўтказилаётгани туфайли Ж.Фозилов 2 декабрь куни хизмат вазифаларини бажаришдан вақтинча четлаштирилган эди.

Хизмат текшируви якунланганлиги муносабати билан Бош прокурорнинг буйруғига асосан Ж.Фозилов жорий йил 19 декабрдан хизмат вазифаларини бажаришга киришди.

Бош прокуратуранинг хабарига кўра, хизмат текширувида Ж.Фозилов ўз хизмат вазифаларини лозим даражада бажармасдан, масъулиятсизликка йўл қўйиб, ўзи раҳбарлик қилаётган прокуратура иш юритувида бўлган жиноят ишининг тергови устидан назоратни таъминламаганлиги, амалдаги қонунчилик билан муқобил текширувлар бекор қилинган бўлса-да, жиноят ишига алоқаси бўлмаган хўжалик юритувчи субъектлар мансабдор шахсларини терговга жалб қилиб, сўроқ қилиш орқали муқобил текшириш, шунингдек, асоссиз равишда тадбиркорни чақиртириш ва мажбурий келтириш ҳақида қўл остидаги терговчига топшириқ берганлиги аниқланган.

Шу сабабли Бухоро шаҳар прокурори Ж.Фозиловга “Ҳайфсан” интизомий жазоси қўлланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ж.Фозиловнинг видеомурожаатида айтилган барча қонунбузилиш ҳолатларини ўрганиб чиқиш учун Республика идоралараро комиссияси тузилгани хабар қилинганди. Комиссия таркибида Президент Администрацияси, Сенат, Бизнес-омбудсман, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, шунингдек Президентнинг Бухоро вилоятидаги Халқ қабулхонасининг масъул ходимлари киритилди. Комиссиянинг ўрганиш натижалари қўшимча эълон қилиниши айтилганди.

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek