Автомашиналар сотувидаги шубҳали таклифлар ҳақида
Автомашиналарнинг сотуви ҳақида қисқача
Жуда кўпчилик менга савол йўллаб, бошланғич бадалсиз, фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан узоқ муддатга (60-70 ой) жуда ҳам жозибадор кўринишда автомашиналар сотишни ваъда қилаётган айрим фирмалар пайдо бўлганини, уларга ишониш мумкин ёки йўқлигини сўрашмоқда.
Очиғи мен бундай фирмаларга ишонмайман, ҳеч қачон ишонмаганман ва бундан кейин ҳам ишонмасам керак. Текин пишлоқ - фақат қопқонда бўлади. Ёки арзоннинг шўрваси татимас, дейишади.
Уларнинг фаолиятида молиявий пирамиданинг унсурлари бор.
Ҳа, дастлабки мижозлар ҳақиқатдан ўша машиналарни олишади, ҳа, бошида барчаси кўнгилдагидек, сип-силлиқ кетади. Ҳаттоки катта шов-шувлар қилишади, барчаси ишончли эканлигини ишонтириш учун видеолар, расмлар тарқатишади. Лекин бундай молиявий фирибгарликларда доим ўртадаги ва охирги мижозлар пулига куйиб қолишади.
❗️Ҳозир ўша фирмалар машҳурликнинг энг чўққисига чиққан пайти, одатда амалиётда кўп кузатилади, мана шунақа пайтда фирмалар пулларни максимал йиғиб олиб, қочиб кетишади. Қоғозда директор қилиб қўйилган битта вакил жавобгарликка тортилади ва қамалиб, 2-3 йилда қайтиб чиқади. Лекин одамлардан олинган миллиардлаб пулларни ҳеч ким қайтариб бермайди. Ҳеч ким! Бунақанги жиноий ишлар илгари ҳам кўп бўлган.
Шу сабабли, бу каби таклифларга унчалик ҳам ишониб қолмасликни тавсия қиламан. Улардан машина сотиб олишдан олдин, яхши иқтисодчи ва молиячиларнинг маслаҳатини олинг. Катта ишонч билан айтаманки, улар ҳам бу каби фирмаларга ишонмаслик кераклигини айтишади.
Агар имконим ва бўш вақтим бўлса, уларнинг таклифлари ҳақиқатдан йироқ эканлигини батафсил тушунтириб, мақола ёзишга ҳаракат қиламан.
Саломат бўлинг.
👉 @xushnudbek 👈
