Журналист ва ҳуқуқшуноснинг касбий фаолият ҳақидаги фикрлари

Matn17-noyabr, 2019, 20:312 daqiqa0 koʻrishtahrirlangan

Мен журналист эмасман, касбим - ҳуқуқшунос. Аммо 10 йилдан ортиқ вақт мобайнида бевосита ахборот маконида ўз фикрларим билан иштирок этиб келаман. Шу сабабли тележурналист Ҳамза Жумаевнинг қуйидаги фикрлари менинг қалбимга ҳам яқин. Менинг онам ҳам худди Ҳамза аканинг онаси каби доим хавотирда яшайдилар, “бу ишингни йиғиштир” деб кўп айтадилар.

Келинг, яхшиси @hamzajumayev каналида эълон қилинган ушбу фикрларни Сизлар билан тўлиқ улашсам:

“Онам кўп айтадилар... Сен бола бир кун тилингдан осиласан! Муаммо доим бор ва бўлади. Битта ўзингни чириллаганинг ҳеч нимани ҳал қилмайди...Сен бир нарса ёзсанг ёки гапирсанг кимдир душманчилик қилишидан хавотир оламан, болам.

Ҳа, она! Журналистнинг тили ва қўли саратон ўсмасига ўхшаркан. Аввал атрофдагиларни беором қилиб охир ўзининг бошига етаркан. Агар у ҳақиқий журналист бўлса...

Ҳеч кимга ёқмайдиган касбни танлаб қўйдим, она. Бу касбнинг калтагию яраларидан зада бўлиб кетдим она! Бир тилимга минг хўжайин, бир қўлимга юз бошлиқ.

Она! Сизга ёқмаётган бўлсам, демак мен яхши журналистман. Чунки, тўғри гап туққанингга ёқмайди. Демак, мен тўғрисўзман. Яхши журналист, туққанига ҳам ёқмайдиган журналистдир.

Дўстларим, ақлинг балога етади, дейишади. Лекин, балога етган ақлнинг бошга бало келтириши турган гап, она. Мени бир овсар, беғам - бетаъсир қилиб туғсангиз бўлмасмиди, она...

Журналистман она, журналистман! Пешонамда шу тамғам билан кетаман она. Баданимда ундан қолган чандиқлар билан кетаман. Балки ўшанда, қутулдик охири, деган гаплар ҳам бўлар. Лекин аслида мен қутулган бўламан, она.

Ёзмайман, гапирмайман дейману, унда яшаб нима қиласан, деган савол миямда айланаверади она. На яхши журналист бўлолдим, на яхши ўғил...

Бўғзимга нимадир тиқилди... Мени дуо қилинг она! Қалқоним ҳам, давлатим ҳам, меҳрибоним ҳам сизсиз, Она!”

Пост тугади.

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek