Жамоат транспортида қўлқоп тақиш тартиби жорий этилди
Xushnudbek.uzMatn1 daqiqa0tahrirlangan«Ака, бўлди турп тугади, энди сабзига ўтинг»
19 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳар жамоат транспорти (автобус, метро, маршрутка) хизматидан фойдаланганда йўловчиларнинг тиббий ниқоб 😷 билан биргаликда тиббий қўлқопда🧤 бўлиш тартиби жорий этилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар берди.
Кеча туни билан бундан кўзланган мантиқий мақсадни ўйлаб, ўйимга ета олмадим.
Биринчидан, бунинг қандай фойдаси бор? Кимдир аниқ кафолат бера оладими бу қарор фойдали эканлигига. Илмий изланишлар олиб борилганми? Аниқ тадқиқотларнинг хулосаси борми? Ёки шунчаки қайсидир коттаконнинг хаёлига келди, тамомми? Дезинфекция туннелларидан сабоқ чиқармадикми?
Иккинчидан, Транспорт вазирлигининг бунақа қарор қабул қилишга ваколати борми ўзи? Фуқароларга яна қўшимча харажат қилдирадиган мажбурий талабни қўйишга ким уларга ҳуқуқ берди? Ёки текин қўлқоп тарқатишадими ҳамма йўловчиларга?
👮 Ҳа, айтганча, бу ҳали ҳаммаси эмас. Эндиликда Транспорт вазирлигининг инспекторлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларидан иборат махсус ишчи гуруҳи транспорт объектлари ва жамоат транспортида кучайтирилган тартибда назорат тадбирлари ўтказар экан, яъни ниқоб ҳамда қўлқоп тақмаган фуқароларни аниқлаб, жарима солишса керак-да ҳойнаҳой.
Хуллас, бу қарорни ўқиб, аввалроқ каналимда ёзган латифа яна эсимга тушиб кетди. Кимдир телефон қилган шекилли, "акалар, сабзимиз кетмаяпти, сабзини айтинглар" деб...
👉 @xushnudbek 👈


