Ёджу техника институти тўғрисида Ҳукумат қарори қабул қилинди

Matn18-dekabr, 2019, 15:152 daqiqa0 koʻrishtahrirlangan

Ёджу техника институти тўғрисида Ҳукумат қарори қабул қилинди

Анча аввал Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти нима учундир вазирлик эълон қилган рўйхатда йўқлиги, лекин расман лицензияси борлиги ҳақида ёзгандим.
https://t.me/xushnudbek/1795

Вазирлик ушбу рўйхатни тайёрлаётганда лицензияси бор ОТМларни эмас, балки фақат Президент ёки Вазирлар Маҳкамаси қарори чиққан ОТМларни рўйхатга киритган бўлса керак, дегандим, чунки ўшанда Ёджу техника институти тўғрисида Ҳукумат қарори мавжуд эмасди.

Таълим сифатини назорат қилиш инспекциясининг хабар беришича, ваниҳоят жорий йилнинг 17 декабрь куни Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти фаолиятини ташкил этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинибди.

Қарорда қуйидагилар белгилаб қўйилди:

• Институт масъулияти чекланган жамият шаклидаги нодавлат олий таълим муассасаси ҳисобланади;

• Институт ректори муассислар томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда лавозимига тайинланади ва лавозимидан озод қилинади;

• Институтнинг тузилмаси муассислар томонидан тасдиқланади;

• Институт таълим фаолиятини Ёджу технология институтининг (Корея Республикаси) ўқув режалари ва дастурлари асосида ўзбек, рус ва инглиз тилларида амалга оширади;

• Институт битирувчиларига Ўзбекистонда олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган белгиланган намунадаги диплом берилади;

• Институтга талабалар қабули умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотга эга абитуриентлар ўртасида кириш имтиҳонларини Ёджу технология институти (Корея Республикаси) томонидан (ёки иштирокида) ўтказиш орқали амалга оширилади;

• Институтда ўқиш тўлов-контракт асосида, кундузги, сиртқи ва кечки шаклда амалга оширилади, талабалар ўқиши учун тўлов-контракт миқдори муассислар томонидан белгиланади.

Бундан ташқари қарор билан муассиснинг ҳар йили ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қобилиятли, иқтидорли ҳамда ўзлаштириш кўрсаткичлари юқори бўлган фарзандлари орасидан танлов асосида бепул (Институт гранти асосида) 10 нафардан кам бўлмаган абитуриентларни ўқишга қабул қилиш мажбуриятларини ўз зиммасига олиши тўғридаги таклифи маъқулланган.

Институтга Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ёджу технология институти (Корея Республикаси) билан келишган ҳолда, меҳнат бозори талаблари ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш истиқболларидан келиб чиқиб, келгусида янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини очиш ҳуқуқи берилди.

👉 @xushnudbek 👈

  • 👍 1
Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek