Йирик солиқ тўловчилар ходимларига стикер берилади
Xushnudbek.uzMatn2 daqiqa0tahrirlangan⚡️Йирик солиқ тўловчиларнинг ходимларига стикер берилади
Давлат солиқ қўмитаси карантин даврида корхоналар ишини енгиллаштириш ва узлуксиз фаолият юритиши учун мақбул шароитлар яратиш мақсадида йирик солиқ тўловчиларнинг транспорт воситаларига махсус рухсат берувчи стикерлар беришни бошлайди.
Рухсат берувчи стикерлар йирик солиқ тўловчилар тоифасига кирувчи корхоналар ходимларининг шахсий ёки хизмат автотранспорт воситалари учун берилади.
Рухсат берувчи ҳужжатни олиш учун фақат онлайн тарзда солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон солиқ хизматлари порталида (https://my.soliq.uz) махсус анкетани тўлдириб ариза бериш мумкин.
Автотранспортда ҳаракатланиш учун керак бўладиган махсус QR-кодли рухсатномани принтер орқали чоп этиш лозим. У ариза юборилган кундан бошлаб бир иш куни ичида шакллантирилади.
Давлат солиқ қўмитаси томонидан ҳар бир солиқ тўловчига алоҳида стикер квоталари белгиланади. Рухсат берувчи стикер у олинган кундан бошлаб 30 кун мобайнида ҳаракатланиш ҳуқуқини беради.
Автотранспорт воситасидан фойдаланиш учун рухсат берувчи стикер олган ходимлар меҳнат дафтарчасининг нусхаси ва иш жойидан берилган тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлиши керак. Ходимларга фақат белгиланган йўналиш бўйича, хизмат мақсадларида соат 9:00 дан 18:00 гача транспорт воситасидан фойдаланишга рухсат берилади.
Рухсат бериш учун ҳеч қандай тўлов олинмайди.
Йирик солиқ тўловчилар кимлар?
Мана бу саҳифа орқали йирик солиқ тўловчилар рўйхати билан танишишингиз мумкин:
https://soliq.uz/activities/large-taxpayers
Қуйидагилар йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилади:
а) акциз солиғига тортиладиган товарларни ишлаб чиқарувчи ва акциз тўланадиган хизмат кўрсатувчи корхоналар;
б) тижорат банклари, товар-хом ашё, фонд ва валюта биржалари;
в) «Навоий КМК» ДК, «Олмалиқ КМК» АЖ ҳамда уларнинг таркибига кирувчи ташкилотлар;
г) маҳсулот тақсимотига оид битим бўйича ишларни бажаришда иштирок этаётган ташкилотлар;
д) маҳсулот (товар, иш ва хизмат) ларни сотишдан олинган соф тушуми ўтган календарь йил якуни бўйича 100,0 миллиард сўмдан юқори бўлган ёки кетма-кет келадиган ўн икки ойлик давр якуни бўйича ушбу миқдордан ошган юридик шахслар;
е) углеводород ҳом ашёси ва минерал ресурсларни қазиб олувчи, қайта ишловчи, етказиб берувчи ва сотувчи ҳамда электр энергиясини ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи юридик шахслар, бундан автомобилларга ёқилғи қуйиш шаҳобчалари мустасно;
ж) Ўзбекистон Республикасининг ҳаво бўшлиғидан йўловчиларни ташиш мақсадларида фойдаланувчи, халқаро ҳаво алоқаларини амалга оширувчи ва уларнинг таркибига кирувчи юридик шахслар.
👉 @xushnudbek 👈