Xushnudbek.uz муаллифининг жума кунги мурожаати ва дуо сўрови

Matn7-fevral, 2020, 17:242 daqiqa0 koʻrishtahrirlangan

​​Дуо қилинг...

Бугун – жума. Балки бу кимларгадир ўта ғалати ёки эриш туюлса ҳам, Сизлардан шунчаки дуо сўрамоқчиман.

Кўпчилик «катта аудиториянг бор, сени раҳбарлар ҳам ўқийди, мазза бўлса керак» дейди. Балки бу ростдан маззадир, аммо масъулияти шу даражада оғирки, елкадан босиб, руҳан эзиб ташлайди одамни. Хато қилишдан хавотирланасиз, сабаби хатонгизни кутиб яшаётганлар кўплигини аниқ биласиз.

Аудитория кўлами худди дорбоз юрадиган дорга ўхшайди. Дорбоз ҳам қанча баланд дор устида юришни бошласа, шунча хавф ортаверади, эҳтиёткорлик, сергаклик каррасига ошиб кетади, ҳаракати секинлашиб қолади. Ҳар бир қадамини ўйлаб босишга мажбур бўлади. Буни кимдир айтиши, ўргатиши шартмас, шунчаки вазиятнинг ўзи шунга мажбур қилади.

Сабаби дорбоз хато қилсаю, 2 метрлик дордан йиқилса, бунинг қўрқинчли жойи йўқ, кийимидаги чангни қоқиб, яна дорга чиқиб кетаверади. Аммо 50-100 метрлик дордан йиқилса, дорбоз чилпарчин бўлиб кетиши мумкин. Буни ҳамма яхши англайди, томошабин ҳам, дорбоз ҳам.

Хўш, шундай хавф бор экан, унда дорбоз нима қилади ўша баландликка чиқиб, ўзини қийнаб, хавф остига қўйиб, жимгина пастроқда юраверса ёки умуман дорбозликни ташласа бўлмайдими?

Йўқ, унақа қила олмайди, чунки дорбозлик унинг ҳаёти, у пастда жим тура олмайди, дорнинг хумори тутади, шу дорда юришни бурчи деб билади, бошқача ҳаётни тасаввур қилолмайди. Қачондир биргина нотўғри қадами, унинг бошини ейиши мумкинлигини жуда яхши билади. Баъзан қийналиб кетган пайтлари «иккинчи бу дорга чиқмайман, зарилми менга» деб қасамлар ҳам ичади. Аммо янги тонг отиб, кун бошланиши билан, ҳамма уни яна дорнинг устида, қўлида лангарчўп билан юраётганини кўради. Чунки у туғилганидаёқ дорбоз бўлиб дунёга келган...

Бу гапларни шунчаки айтгим келди ва Сизлардан дуо олишни истадим холос, қандайдир сабаб ёки хавотирли воқеа бўлгани йўқ. Менда ҳаммаси жойида, Худога шукр, ушбу постни нотўғри талқин қилмаслигингизни сўрардим.

Дуо қилинг, Аллоҳ ҳар биримизни халқнинг нафратига дучор бўлишдан ўзи асрасин.

Дуо қилинг, агар ошкор бўлса, шарманда бўладиган хато ва гуноҳларимиз кўп, Яратган бундай шармандаликдан сақласин.

Дуо қилинг, яхшилик ва хайрли ишлар қилишга етадиган куч ва имкониятларимиз бор, Ўзи шундай яхшиликларга ҳамроҳ қилсин.

Ва энг асосийси, Дуо қилинг, Аллоҳ тўғри йўлимиздан ҳеч қачон адаштирмасин.

Дуоларингиз учун раҳмат.

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek