Алишер Саъдуллаев таълимдаги муаммолар бўйича мурожаат қилди

Matn25-iyun, 2018, 11:013 daqiqa0 koʻrish

​​Халқ таълими вазири ўринбосари Алишер Саъдуллаев Фейсбук саҳифаси орқали бир қатор саволлар билан мурожаат қилиб чиқмоқда. У ўз постларини рақамлашига қараганда, бу каби туркум саволлар ҳали яна давом этса керак.

Хусусан, у қуйидаги 3 та савол билан мурожаат қилди:

№1: Халқ таълими тизими ҳокимиятдан ажралиши керак. Ҳокимият таълимга аралашмаса, қандай ўзгаришлар бўлиши мумкин?

№2: Хусусий мактаблар фаолиятини ривожлантириш керакми ёки..?

№3: Мажбурий обунани ҳам тугатишимиз керак! Сиздан қандай газета ва журналларга мажбурий обуна бўлишни сўрашади? Таълимга оидми шу обуналар?

Кўп изоҳлар қолдирилмоқда, лекин барчаси ҳам мавзуга оид эмас. Асосан умумий гаплар. Айримлар вазир ўринбосарига пичинг қилишни, уни ерга уришга ҳаракат қилишни, унинг хатосини топишга ҳаракат қилишни ҳам эсдан чиқармаган. Одатий касалимиз...

Масалан, мажбурий обунага оид саволга 100 дан ортиқ изоҳ қолдирилган бўлса, шундан эринмасдан санаб чиқдим - атиги 5 таги аниқ мисол айтилган. Қолгани мажбурий обуна ёмонлиги, уни йўқотиш кераклиги, яна айримлари ҳаттоки мажбурий обуна кераклиги (газетада ишлайди, менимча), бошқалари эса ҳолат ҳақида умумий маълумотлар тарзида келган.

Конкрет равишда фалон мактабдан фалон газетага фалон сўмдан обуна бўлдик, деганларни учратиб бўлмади.

Газета номи аниқ саналган 5 та изоҳлар қуйидагича:

№1: Обуна болиш шарт бўлган газета ва журналлар мактабларга
1.халқ таълими ахбороти
2.халқ сўзи
3.народное слова
4.мураббий
5.маҳорат мактаби
6.оила даврасида
7.мактаб ва ҳаёт
8.вилоят ҳокимятининг газетаси
9.туман ҳокимиятининг газетаси
10.маърифат ва ҳ.к

№2: Асака ҳаёти, Халқ сўзи

№3: Қўқон ДПИда талабалар мажбуран 60 минг сўмдан кўпроққа йиллик обуна бўламиз. Бу газеталар адабиёт, рекламага оид, халқ сўзи кабилардан иборат. Қўлга етиб келади йилига 3 марта кўпи билан. Вилоятдан вакил келганда шу мавзуни кўтаргандик ҳеч йўқ бирорта инглиз тилидаги газета журналларга обуна бўлайлик деб. Мустақил ишларимизда case study кабиларда фойдалангани инглиз тилидан интернетдан мақола топиб ёзишга мажбур бўламиз.

№4: Бизда масалан Репититор газетаси мажбурий. Бу газета 1ойда 1марта берилади камида 30та болага 2та. Обуна нархи 5000сўм. Кўп болалар ўқий олмайди, бу газетани ва бизнинг ўқитувчиларимизда ҳам шундай муаммолар бор.

№5: Бир тийинга қиммат "Солиқ инфо"

Шунингдек, аниқ газета номи саналмасдан, умумий маълумотлар ҳам мавжуд, жумладан:

- Фарғона вилояти ЎЗБEКИСТОН ТУМАНИДА ҲАММА МАКТАБЛАРДА БИР ОЙЛИК ИШ ҲАҚИМИЗДАН 20% ТЎЛАШГА МАЖБУРЛАШАДИ. ТУШГАН ПУЛЛАРГА «РEЖАНИ» бажаришади.

- Мана шу йил учун 475 минг сўм қайтаришди обунага, бир оиладан икки киши ишлаймиз бир мактабда. Инсоф ҳам керак-ку...

- Энг ёмон бир газетанинг 2 тилда чиқадиганига обуна бўлишни сорашади. Бир хил маълумотга 2 баробар пул толаш ёқимсиз. Айниқса ҳар дақиқада Интернет нашрларидан хабар ўқиб турганда

- Энг камида ҳар йили кузда ойликнинг 15-20% ушланади, энг ёмони сиз ўша газета журнални ўзингиз танлаб обуна бўлиш имконингиз йўқ. Умумий мактаб учун Районо ҳар бир газета журнал сонини белгилаб беради, ўша миқдорга етгунча жамоадан пул ушлаб қолинаверади, келган газеталар кутубхонада чанг босиб қолиб кетади, ҳеч ким қизиқиб ўқимайди ҳам, (мабодо бирон кишини мақоласи қайсидир газетада чиққан бўлса мустасно). Бу обуна мавсумининг орқасида катта молиявий ўйин ва кимлардир катта фойдаланиши ҳақида кўп эшитганмиз, лекин пулини мактаб ўқитувчиси ва хаттоки қоровулгача тўлайди.

- Ойлигим бошқаларга нисбатан кўпроқ бўлгани учун ҳар йили обуна қиймати 200 мингдан кўпроғига обуна бўламан. Узоқ тортишувлардан сўнг номини ҳам сўраб ўтирмайман. Чунки директорнинг бермайман деган сўзимга “бечора” ҳоли ахийри раҳмимни келтиради. Бу йил халқ таълимидан кетдим, қолганларга сабр-у тоқат.

Хуллас, шунақа гаплар бўляпти Фейсбукда.

Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek