Ўқувчининг ташқи кўринишига қўйилаётган талаблар муҳокамаси
Нима муҳимроқ: ўқувчининг ташқи кўриниши ёки таълим сифати?
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан regulation.gov.uz порталига Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисида низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжатдаги бир қатор муҳим жиҳатлар кенг жамоатчиликнинг муҳокамасига сабаб бўлгани учун “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати мазкур масала юзасидан ўз муносабатини билдирди.
Жумладан, муносабатда шундай дейилади:
“Биринчидан, таълим сифатига, энг аввало, педагог кадрларнинг ва хизмат кўрсатувчи персоналнинг малакаси, ўқув дастурининг самарадорлиги, зарур ресурслар ва керакли моддий-техник база билан таъминланганлиги каби омиллар таъсир кўрсатади. Ушбу жараёнларга ўқувчининг ташқи кўриниши қандай таъсир ўтказиши мумкин? Лойиҳа ташаббускорларида мактаб ўқувчисининг “имижига” қўйилаётган талабларни тасдиқловчи ўтказилган тадқиқот натижалари ёки бошқа фактлар мавжудми?
Иккинчидан, нодавлат таълим муассасалари ўқувчиларининг ташқи кўринишига қатъий талаблар қўйилиши болаларнинг танлаш ва ўзини ифода этиш эркинлигини чеклашга олиб келади. Улар ўзлари истаганича кийиниш ҳуқуқига эгадирлар, албатта, умумий қабул қилинган ахлоқий меъёрлар доирасида. Болаларни танлаш имкониятидан ва ўзини ифода этиш имкониятидан маҳрум этиш орқали уларнинг руҳиятига зарар етказиб қўйиш ва умуман таълим тизимига нисбатан нафрат уйғотиш мумкин. Талабанинг ташқи кўринишини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш қанчалик тўғри?
Умид қиламизки, ҳужжат ташаббускорлари қонунчиликка киритилиши таклиф этилаётган ушбу ўзгаришлар юзасидан асослантирилган сабаблар тақдим эта оладилар”.
“Юксалиш” муносабатининг батафсил матнини қуйида ўқишингиз мумкин.
👉 @xushnudbek 👈
