Тил масаласидаги чиқишлар юзасидан баёнот
Тил масаласидаги чиқишлар юзасидан баёнот
Бир гуруҳ ўзини зиёли деб атаган юртдошларимиз рус тилига расмий мақом берилишини сўраб мурожаат қилгани ҳақида хабарингиз бўлса керак. Уларнинг бу чиқишини бошида жиддий қабул қилмадим. СССРда туғилган, ўша даврда эсини таниган, ҳалигача Ленинни доҳий, Сталинни ўзининг раҳнамоси деб билиб, Амир Темурни каллакесар қароқчи сифатида қабул қиладиган, русларни ўзининг буюк оғаси сифатида тан оладиган, умрида эплаб ўзбекча гапирмаган 20 нафар атрофидаги ёши кекса инсонларнинг бундай чиқишини нега ҳам жиддий қабул қилиш керак? Боз устига мурожаат эълон қилинган Вести.уз сайти Россия манфаатларига хизмат қилиши барчага маълум, аввал ҳам провакацион чиқишлар қилганди.
Хуллас, буларга аччиқ қилиб (ёки бургага), кўрпа ёқмаслик, уларнинг провакациясига учиб жазавага тушмасликни маъқул кўргандим. Лекин вазият тобора чигаллашиб, ўша гуруҳ вакиллари хорижий нашрларга интервьюлар бериб, ҳадларидан ошишмоқда, яъни ўзбек халқига нисбатан ҳурматсизлик қилишгача боришмоқда.
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг баёнотида таъкидланганидек, «Индамаслик - розилик аломати» деб қабул қилишмоқда шекилли?
Йўқ, асло бундай эмас! Бизнинг индамагинимиз азбаройи уларни юртдошларимиз сифатида ҳурмат қилиб, уларнинг сўз эркинлигига қарши чиқмаганлигимиздандир. Аммо бу уларнинг кулгили ва мантиқсиз иддаоларини қўллаб-қувватлаймиз дегани эмас.
Улар унутмасинларки, бу юрт ва унинг тили русларгача ҳам бўлган ва уларсиз ҳам дунё тургунча бўлади, иншааллоҳ.
Улар унутмасинларки, ўзбек тили шу миллатнинг ғурури ва ифтихори эрур ҳамда уларнинг миллат шаънини ерга уришга йўналтирилган бу чиқишлари фаросатсизлик намунасидир.
Улар унутмасинларки, Ўзбекистонда рус тилидаги мулоқотлар, ёзишмалар, муносабатлар бўлиши худди қозоқ, тожик, қирғиз, татар ва бошқа тиллар билан бўлгани каби, ўша миллат вакилларини ҳурмат қилишимиздандир ва бу ўзбеклар шовинист халқ эмаслигининг намунасидир, аммо бу бағрикенгликни оёқ ости қилишлари ноўриндир.
Бу менинг, ўзини Сизлар каби зиёли деб ҳисоблайдиган халқ вакилининг сўзлари.
Яна бир бор айтаман, биз Сизларни ватандошларимиз сифатида ҳурмат қиламиз, сизларнинг сўз эркинлигингиз учун, фикр ва хоҳишларингизни эркин ифода эта олишларингиз учун керак бўлса жонимизни берамиз. Аммо бу ҳуқуқни суиистеъмол қилишга, бу эркинликни миллатнинг устидан кулишга йўналтиришингизни ҳазм қила олмаймиз. Азбаройи шу сабаблигина мазкур баёнотни беришга мажбур бўлдик.
Хушнудбек Худайбердиев,
05.05.2019, Тошкент, Ўзбекистон.
👉 @xushnudbek 👈
