Нострификация қилинмаган диплом билан ишласа бўладими

Matn4-may, 2019, 15:462 daqiqa0 koʻrish

Manba:Xushnudbek.uz

Нострификация қилинмаган диплом билан ишласа бўладими?

Кечаги мавзуни давом эттириб, айтиш эсимдан чиққан бир жиҳатига тўхталмоқчиман.

«Дипломим ўтадими?» деб сўрайдиганларга доим бир саволни бераман: «Қаерда ишламоқчисиз ўзи?».

Чунки иш жойига қараб дипломни нострификация қилиш шарт ёки шарт эмаслиги фарқланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 октябрдаги 795-сон қарори билан тасдиқланган хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касбларининг классификаторида қайси лавозимга қайси таълим даражаси талаб қилиниши белгилаб қўйилган. Масалан, қайсидир лавозимга олий маълумот керак, қайсидирига ўрта махсус даража ҳам етарли, айримлари учун эса умуман маълумот даражасига талаб қўйилмайди.

Аммо бир нарсани билишингиз керакки, ушбу классификатор фақат давлат ташкилотлари, хўжалик бошқаруви органларида, шунингдек устав капиталида давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган ташкилотларда қўлланилиши мажбурий ҳисобланади, бошқа ташкилотлар учун эса — тавсия хусусиятига эга.

Бу нима дегани?

Масалан, бир давлат ташкилотига А. исмли шахсни координатор лавозимига ишга олишмоқчи. Классификаторда ўша лавозимга олий маълумот талаби қўйилган. А. исмли шахс Ўзбекистонда коллежни тугатиб, кейин хорижий ОТМда ўқиган, олий маълумоти бор. Лекин унинг дипломи ҳали нострификация қилинмаган. Бундай ҳолатда А.нинг дипломи Ўзбекистонда тан олинмаганлиги сабабли, уни давлат ташкилотидаги олий маълумот талаб қилинадиган лавозимга ишга олиб бўлмайди.

Энди худди шу А. исмли шахс иш сўраб хусусий компания ёки фирмага мурожаат қилди. Бундай вазиятда классификатор хусусий ва нодавлат сектор учун мажбурий эмаслиги сабабли, бемалол А.ни координатор сифатида ишга қабул қилиш мумкин. Буни раҳбарнинг ўзи ҳал қилади. Дипломи нострификациядан ўтганми, ўтмаганми, маълумоти борми, йўқми, фарқ қилмайди, агар ўша ходим унга керак бўлса, бемалол ишга олаверади. Бу қонунга хилоф эмас.

Фақат қонун билан белгиланган талаблар амал қиладиган айрим лавозимлар бор, ўшаларгагина истисно ҳолат бўлиши мумкин. Масалан, аптекада фармацевтикага оид олий маълумот талаб қилинади ва ҳ.к.

Шу сабабли хорижда олган дипломим ўтадими, деган саволга жавоб излаш учун энг аввало қаерда ишламоқчи эканлигингизни аниқлаштириб олсангиз ёмон бўлмасди.

Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek