Хорижда олинган дипломларни тан олиш тартиби

Matn4-may, 2019, 15:453 daqiqa0 koʻrish

Manba:Xushnudbek.uz

​​Хорижда олинган дипломлар Ўзбекистонда ўтадими?

Хорижда ўқиётган ёки ўқиб келган юртдошларимиздан «бизнинг дипломимиз Ўзбекистонда ўтадими?» деган жуда кўп саволлар келиб тушади. Айниқса, яқинда нострификацияга оид Президент қарори қабул қилингандан кейин, бундай саволлар янада кўпайди. «Биз ўқиган университет TOP-1000 га кирмаса, энди дипломимиз ўтмайдими?» дея сўрашмоқда.

Шунга кўра, бу бўйича қисқа тушунтириш бериб ўтмоқчиман.

Нострификация ўзи нима?

«Нострификация» сўзи лотинча «noster» - “бизники” ҳамда «facere» - “қилмоқ” сўзларидан олинган. Амалда ушбу атама хорижда берилган дипломларни давлат даражасида тан олиш, эквивалентлигини қайд этишни билдиради.

Нострификация қандай олинади?

Бир нарсани билишингиз керакки, хорижда олинган ҳар қандай диплом Ўзбекистонда тан олиниши учун нострификация қилиниши керак.

Хорижий дипломларни нострификация қилишнинг 2 хил йўли бор: бири махсус синовлар асосида, иккинчиси тўғридан-тўғри (махсус синовларсиз).

Қайси дипломлар махсус синовларсиз нострификация қилинади

Қуйидагилар:

1) Халқаро шартномалар, Президент ва Ҳукумат ҳужжатлари асосида хорижий давлатларда таълим олган;
2) Президент ва Ҳукумат ҳужжатлари билан Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий давлатларнинг ОТМларида таълим олган;
3) хорижий давлатлар томонидан ажратилган квоталар (грантлар)га мувофиқ вазирликларнинг йўлланмалари асосида таълим олган;
4) халқаро рейтингларда TOP-1000 талик кирган ОТМларнинг дипломлари.

TOP-1000 ОТМлар рўйхати ҳақида мана бу ерда ёзганман.

Агар Сиз ўқиган ОТМ юқоридаги 4 та рўйхатга тушмаса, демак, дипломингиз махсус синовдан кейингина Ўзбекистонда тан олинади.

Нострификация учун қандай ҳужжатлар зарур?

- диплом ва илованинг асли (ариза қабул қилингандан сўнг эгасига қайтарилади);
- диплом ва иловани аслини давлат (ўзбек) тилига таржима қилиб нотариусдан тасдиқлангани (2 нусхада);
- паспорт ва нусхаси;
- давлат божи тўланганлиги ҳақидаги квитанция (ЭКИҲ 2 баробари – ҳозир 405460 сўм).

Ҳужжатларни топшириш онлайн тизимида амалга оширилади.

❗️ЭСЛАТМА: Бир нарсани яхшилаб англашингиз керакки, хорижда олинган барча дипломлар ҳам автоматик нострификация қилинмайди. Бунинг ўзига яраша тартиби ва имтиҳони бор.

Хусусан, қуйидаги ҳолларда нострификация бўйича салбий хулоса (рад этиш) қабул қилинади:

- хорижий давлатларда профессионал маълумот тўғрисида ҳужжат берадиган таълимнинг умумий меъёрий даври (тўлиқ ўрта маълумот олингандан кейин) Ўзбекистон Республикаси таълим стандартларида назарда тутилган даврдан бир йилдан кам бўлса (масалан, уч йиллик олий таълим);
- таълим тўғрисидаги ҳужжат берилган мамлакатда унинг эгасига Ўзбекистондагига қараганда кам академик ва (ёки) профессионал ҳуқуқлар берилган бўлса (масалан, ҳужжат эгаси олий ўқув юртларига, магистратура ёки докторантурага кириш, профессионал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга эмаслиги);
- маълумот Ўзбекистон қонунчилигида кўзда тутилмаган таълим шаклида олинган бўлса;
- муайян (ижтимоий соҳа, педагогика, тарих ва ҳуқуқ) таълим йўналишларининг хусусиятидан келиб чиқиб, ўзлаштирилган ўқув фанлари ҳажми ва дарс соатлари миқдори Ўзбекистоннинг давлат таълим стандартларига мувофиқ белгиланган тартибда тасдиқланган намунавий ўқув режанинг 55 фоизидан кам қисмини ташкил қилса.

Қўшимча ва батафсил маълумотлар
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси:
Расмий сайт: www.tdi.uz
Тел: (+99871) 231-07-53 (+99871) 277-11-79 (ички тел 1021;1022)
Электрон манзил: nostr@tdi.uz
Қабул кунлари: Сешанба, Пайшанба 10-00 дан 17-00 гача

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek