Супер-контракт тизимидаги муаммо ва чалкашликлар
Супер-контракт ҳақида яна 2 оғиз
1️⃣ Айримлар ҳалиям супер-контрактга кириш учун 68 балл олиш керакми ёки 56,7 балл, деб сўрашмоқда. Ўртоқлар, бу масалада ортиқча муҳокамага ўрин йўқ. 56,7 балл етарли. 68 баллни унутинг.
2️⃣ Супер-контракт махсус сиртқи, сиртқи ва кечки таълим учун ҳам амал қиладими, деган саволга аниқлик киритиб кетиш ҳам керак. Кўпчилик сўраяпти.
3️⃣ Бундан ташқари ўтган йили хориждан ўқишини кўчираётган (перевод) талабалар махсус имтиҳонлардан етарли балл ололмаса, уларга ҳам супер-контракт асосида ўқиш таклиф қилинган ва айримлари ўқиганди ҳам. Шунинг ҳам ҳуқуқий асосини кўрсатиб кетиб керак. Қаерда ёзилган "перевод" қилаётганлар ҳам супер-контрактда ўқиши мумкин, деб. Бу йил ҳам шу тартиб амалга ошадими?
4️⃣ Вазирлар Маҳкамасининг 393-сонли қарори билан тасдиқланган Низомда супер-контрактга ариза бериш муддатларида чалкашлик бор. Битта жойда тест натижалари чиққандан 1 ой ичида дейилган, схемада эса 1-10 октябрь кунлари дейилган. Шунга аниқлик киритиш керак.
5️⃣ ❗️Асосий савол. Нима учун супер-контракт жавоблари 1 ноябрь куни эълон қилинади? Ўзи супер-контрактга кираётганлар етарли балл тўплай олмаганлар бўлса, тағин улар семестрни ярмидан осмондан тушгандай ўқишга боришади. Кейинчалик улар қолдирилган 2 ойлик дарсларни қанақа қилиб ўзлаштиради, бу ҳақида ўйлаб кўриш керак.
Натижада коррупция сари яна бир қадам ташланади: шундоқ ҳам пули кўп, юз миллионларни тўлаб қўйганлар, 2 ойлик "отработка"ларини сессия пайти қандай ёпишини тасаввур қилаверинг. Ёки Сиз 200 миллион тўлаган талабани 1-семестрдаёқ талабалар сафидан четлатишади, деб ўйлаяпсизми? Сира ишонгим келмайдида бунга.
Наҳотки шуни сентябргача ҳал қилиш имконсиз бўлса? Кимдир ҳозир ўқимоқчими, марҳамат, пулини тўласину, 2 сентябрь кунидан ҳамма қатори дарсга кириб борсин. Унинг бойвоччалиги, юз миллионлаб пул тўлаганини биров билсин, биров билмай қолсин. Йўқса, ноябрь ойидан дарсга кириб келган ўсмир ёшлар бурнини баланд кўтариб, гердайиб келишади: "Кўрдингми, сенлар ўқиб киргансанлар, мен пулимни тўлаб кирдим", дегандек. Шунга йўл қўймаслик учун улар ҳам сентябрдан дарсга келиши керак.
Тушунаман, сентябрнинг 15-санасигача оддий контракт тўлай олмаганларнинг ҳисоби супер-контракт квотасига таъсир қилади, лекин битта шу сабаб уларни ноябрдан ўқишга боришига жиддий асос бўла олмайди, менимча.
Фикру ожизимча, ноябргача кутмаслик керак, барибир.
6️⃣ Юқоридаги масаланинг мантиқий давоми сифатида айтиш керакки, супер-контрактнинг квоталарини ҳам олдиндан эълон қилиш керак. Қайси ОТМ, қайси йўналишга нечта супер-контракт олишни халққа эълон қилса, ҳозиргидек саросима ва тушунмовчилик бўлмайди. Чунки айримларни кўриб турибман, пул кўтариб, югуриб юришибди, "фарзандимни супер-контрактда ўқитаман" деб. Товба қилдим, одамларга бир нарса бўлган ўзи. Шунча гапдан, шунча қаттиқ сиёсатдан кейин ҳам пора беришни бунча ёқтиришмаса-а? Ўзи 200 миллион тўлапясиз, яна шуни ҳам пул билан гаплашишга бало борми, дейдиган одам йўқ.
Бунга туртки бўлган сабаб супер-контракт тартибининг мавҳумлиги. Боз устига ҳозир ариза ёзамиз деб боришса, айрим ОТМлар кейин келасизлар деб қайтариб юборяпти экан. Бунақа бўлгандан кейин кўпчилик "гаплашиш керак шекилли" деб ўйлаб қоладида. Ўшанчун шаффофлик керак, очиқлик лозим.
Хуллас, шунақа гаплар. Буларнинг барчаси албатта ИМХО.
Каналга уланиш: 👇
https://t.me/xushnudbek
