Судья Алишер Эргашев Гулистондаги воқеа юзасидан интервью берди
Судья А.Эргашев: “Боди-камера”даги ёзувлар монтаж қилинган
ЎзА мухбири танганинг бошқа томонидагиларни ҳам эшитиш мақсадида Гулистон шаҳридаги Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти судида бўлиб, 13 июль кунги воқеа иштирокчиси бўлган судья Алишер Эргашев билан суҳбатлашди.
А.Эргашев суҳбат аввалида бўлиб ўтган воқеалар юзасидан Бош прокуратура назоратида мутасадди идоралар томонидан суриштирув ишлари олиб борилаётганини, жараёнга босим ёки бошқача тарзда таъсир ўтказишни истмаслигини айтди. Саволлар суриштирув жараёнига босим даражасида бўлмасагина, жавоб беришга розилик берди. Интервьюнинг айрим жойларидан парча:
– Лекин “Гулистондаги ҳолат бўйича ички ишлар бошқармаси расмий муносабат билдирди” сарлавҳали чиқиш билан танишган, ИИБ ЙХҲБ ходимларининг “боди-камера”сидаги видео ёзувларни кўрган кишида сизни айбсиз эканингизга шубҳа пайдо бўлиб қолади?
– Сиз айтаётган муносабат билан мен ҳам танишдим, “боди-камера”да ва “видеорегистратор” олинган видеоёзувлар қўшиб ишлаган видеолавҳаларни ҳам кўрдим. Унга мутлақо қўшилмайман. “Боди-камера”даги ёзувлар монтаж қилинган. Текширув ишларини олиб бораётган мутасаддилар ўз касбларининг ҳақиқий профессионаллари эканига, монтаж ва ҳақиқий ёзувнинг фарқига боришларига ишонаман. Хулоса адолатли ва холисона ҳал қилинади, деб умид қиламан.
– Сизнинг машинангиздаги “видео-регистратор”даги ёзувларни ҳам ИИБ ходимларининг “боди-камера”сидаги ёзувларни ҳам кўрдик. Шу ҳолатдан келиб чиқиб сиз ўзингизни ёки ўша жараёнда иштирок этган ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимларини қанчалик айбдор, деб биласиз?
– Мен бу ҳолатда қонун доирасидан четга чиққаним йўқ. Менинг “видео-регистратор”имдан нусхаланган ёзувни диққат билан томоша қилдингиз, эшитган бўлсангиз, менинг товушимни, машинамнинг ўнг тарафидан келган ИИБ ходимига гувоҳномамни кўрсатиб, “Судьяман” деб гувоҳномамни кўрсатган жойи бор.
– Сизга ёки оилангизга кимдир ёки кимлардир томонидан тайзиқ ўтказилаяптими?
– Қўни-қўшни, таниш-билишларнинг оиламга, фарзандларимга, қолаверса, ўзимга қилаётган телефонлари, учрашганда сўрашлари, буларнинг барчаси руҳий таъсир қилиши шубҳасиз. Мен, ИИБ ходимларини ҳам тушунаман, уларнинг ҳам оиласи, бола-чақаси бор, уларга ҳам ижтимоий тармоқлардаги ҳолатлар оғир таъсир қилаётганини тушунаман. Ҳозир бирортасининг исм-шарифини айтиб, уларни айбдор деб ёки айбсизларини ҳам айбдорларга қўшиб айбдор бўлиб қолишини истамайман. Мен текширув ишлари якунланмасдан туриб бирорта шахсни шаъни, қадр-қимматини камситишга ҳаракат қилишдан йироқман.
Мен яна бир бор айтаман, жорий йилнинг 13 июлида бўлган ҳолат юзасидан қонун доирасида иш тутдим. Ўзимни айбдор деб ҳисобламайман.
Батафсил интервьюни қуйидаги ҳавола орқали ЎзАда ўқишингиз мумкин:
https://bit.ly/2ZDxcUg
P.S.: ЎзА ушбу воқеалар фонида у ёки бу томонда турмайди, аксинча холисликни таъминлаш мақсадида барча иштирокчиларга ўз позицияни билдириш учун минбар бермоқда. Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида суд ходимлари билан бўлган воқеа ҳам энг биринчи ЎзАда хабар қилинди, унинг ортидан ҳокимлик ҳамда ички ишлар органларининг ҳолат юзасидан важлари ҳам сайтда эълон қилинди. Сирдарёдаги воқеа бўйича ҳам худди шундай йўл тутиляпти.
👉 @xushnudbek 👈


