Суд Чилонзор туман сайлов комиссияси қарорини бекор қилди

Matn9-yanvar, 2020, 13:302 daqiqa0 koʻrishtahrirlangan

⚡️ Суд туман сайлов комиссияси қарорини ҳақиқий эмас деб топди. Энди такрорий сайлов бўлиши керак

Чилонзор туман маъмурий суди 22 декабрдаги Чилонзор туман сайлов комиссияси қарорини ҳақиқий эмас деб топди. Бунақасини ҳали Ўзбекистон амалиётида эшитмаган эдим.

Бу ҳақда Газета.уз хабар бермоқда.

Даъвогар ким?

Судга ЎзЛиДеПдан номзоди қўйилган Фазлиддин Бахромов шикоят қилган.

Шикоят мазмуни нимада?

Сайлов натижаларини ҳисоблашда туман сайлов комиссияси 4-Лутфий округи натижаларини сохталаштириб, баённомаларни ўзгартирган ҳамда Халқ демократик партиясидан номзоди қўйилган Республика олимпия захиралари коллежи директори ўринбосари Аброр Мамадалиевни ғолиб деб эълон қилишган. Дастлабки баённома бўйича Аброр Мамадалиев ушбу округда 401 та овоз олди дея кўрсатилган, аммо якунда баённомалар ўзгартирилиб, 813 та овоз олди, дея қайд этилган. Қаердандир 400 дан кўпроқ овоз қўшиб қўйилган.

Бундан ташқари участка сайлов комиссиясининг раиси, раис ўринбосари ва котиби Республика олимпия захиралари коллежи ўқитувчилари бўлишган. Ваҳоланки, Сайлов кодекси бўйича номзоднинг қўл остида ишлайдиган шахслар комиссия аъзолари бўлиши мумкин эмас.

Суд қандай қарор қабул қилди?

Барча далилларни ҳамда гувоҳларнинг кўрсатмаларини тинглаб, суд қуйидаги қарорларга келди:

• туман кенгаши депутатлигига сайловлар натижасини ҳисоблашда маълумотлар сохталаштирилган ва сайлов қонунчилиги бузилган деган хулосага келди;
• туман сайлов комиссияси қарорини ҳақиқий эмас деб топди;
• туман сайлов комиссияси зиммасига такрорий сайлов ўтказиш мажбуриятини юклади;
• қайта сайловда Республика олимпия захиралари коллежи ходимларини сайлов комиссиялари таркибига киритмасликни белгилади;
• прокуратура органларига хусусий ажрим киритди ва қонун бузилиш ҳолатини ўрганиб, айбдор шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатишни сўради.

Хулоса

Ёдингиздами, сайловлар ҳақида каналимда кўп ёздим, тажрибамдан келиб чиқиб маслаҳатлар бериб бордим.

Ўшанда алоҳида таъкидлаган эдим, барча сайлов участка ва округ баённомаларини йиға олсангиз, унда ҳар қандай ноҳақликка қарши чиқа оласиз, исботлаб бера оласиз, деб.

Фақат бунинг учун албатта судга мурожаат қилиш керак, ижтимоий тармоқлар ёрдам бериши қийин эди. Мана кўрдингизми, юқоридаги ҳолатда ҳам ҳуқуқлари бузилган номзод керакли далилларни тўплаган, якунда айрим ноинсофлар ўйин қилишгач, судга мурожаат қилган ва ғолиб ҳам чиқди. Албатта ҳали такрорий сайловда ким сайланиши аниқмас, аммо барибир сайлов комиссия қарорининг ҳақиқий эмас деб топилганининг ўзи катта ғалаба.

Куни кеча шаҳар кенгашига сайланган депутат Обиджон Латипов мисолида “Орамиздаги қаҳрамонлар” дея пост ёзгандим. Судга мурожаат қилиб, ҳақиқат учун охиригача курашган Фазлиддин Бахромов ҳам ана шундай қаҳрамонлардан бири! Қойил! Баракалла!

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek