Солиқ кодексидаги имтиёзлар бўйича тушунтириш зарур

Matn16-noyabr, 2020, 15:302 daqiqa0 koʻrish

Давлат солиқ қўмитасининг изоҳи керак бўляпти

Хабарингиз балки бордир, балки йўқ, талабаларнинг олий таълим муассасаларида ўқиши учун ўтказилган контракт миқдоридан даромад солиғи олинмайди. Батафсил мана бу ерда тушунтирганман.

Эски таҳрирдаги Солиқ кодексида фақат ўзининг ёки 26 ёшга тўлмаган фарзандининг контрактига имтиёз берилар эди. Янги таҳрирдаги кодексда эса имтиёзлар тоифаси кенгайтирилиб, турмуш ўртоғининг контрактига тўлов қилганда ҳам даромад солиғи олинмаслиги белгиланди.

Аммо Солиқ кодексининг ўзбек ва рус тилидаги матнларидаги ўзаро номувофиқлик ёки тушунмовчилик натижасида амалиётда ушбу норма турлича талқин қилинмоқда.

➖ Ўзбекча матнда ўша модда қуйидагича ёзилган:

378-модда. Солиқ солинмайдиган даромадлар
16) солиқ тўловчининг қуйидагиларга йўналтириладиган, солиқ солиниши лозим бўлган иш ҳақи ва бошқа даромадлари:
Ўзбекистон Республикасининг олий ўқув юртларида таълим олиш (ўзининг, йигирма олти ёшга тўлмаган фарзандларининг ёки эрининг (хотинининг) таълим олиши) учун тўлов.

➖ Русча матнда эса қуйидагича:

Статья 378. Доходы, не подлежащие налогообложению

16) суммы заработной платы и другие доходы налогоплательщика, подлежащие налогообложению, направляемые на:
оплату за обучение (свое, а также своих детей или супруга (супруги) — в возрасте до двадцати шести лет) в высших учебных заведениях Республики Узбекистан.

❓Энди савол: 26 ёш чеклови фақат фарзандларига тегишлими ёки турмуш ўртоғига ҳам тааллуқлими?

Сабаби ўзбекча матндан 2 хил маъно тушуниш мумкин, жумладан ушбу чеклов фақат фарзандларига тааллуқли эканлигини ҳам талқин қилса бўлади. Русча матнда эса ёш чеклови ҳам фарзандига, ҳам турмуш ўртоғига тегишли эканлиги кўриниб турибди.

Муштарийларнинг айтишича, айрим солиқчилар русча матн асос бўлади, энг аввало шунга қаралади, деган талқинни айтаётган экан. Шундан келиб чиқиб, 26 ёшдан ошган турмуш ўртоғининг контрактига пул ўтказилганда солиқ имтиёзи қўлланмаяпти.

Мана шу масала юзасидан Давлат солиқ қўмитаси бирор тушунтириш берса, яхши бўлар эди. Тушунаман, қонун нормаларига расмий шарҳни Конституциявий суд беради. Аммо бу органдан бирор ташаббусни кутиш хомхаёл ва бефойда. Шу сабабли солиқ соҳаси бўйича ваколатли давлат органи сифатидаги Қўмитанинг муносабати фойдадан ҳоли бўлмас эди.

❗️Қўшимча учун айрим маълумотлар:

Солиқ кодексидан парча:

13-модда. Солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси принципи
Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги барча бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар солиқ тўловчининг фойдасига талқин этилади.

«Давлат тили ҳақида»ги қонундан парча:
8-модда.
Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг бошқа ҳужжатлари давлат тилида қабул қилинади ва эълон этилади. Бу ҳужжатларнинг таржималари бошқа тилларда ҳам эълон қилинади.

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek