Сенатда Шуҳрат Ғаниев масаласи кўриб чиқилади
Сенатда Ғаниев масаласи
Бугун тушдан кейин Сенатнинг навбатдан ташқари сессияси бўлиши режалаштирилаётган экан. Айтишларича, сессияда Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев масаласи кўриб чиқилади.
«Кўриб чиқиш» айнан қандай маънода бўлиши ҳозирча маълум эмас.
Ўзбекистон Конституцияси 102-моддасига биноан, вилоят ҳокими Президент томонидан қонунга мувофиқ тайинланади ҳамда лавозимидан озод этилади.
Шу сабабли Сенат мажлисида Ғаниевнинг вилоят ҳокимлигидан озод этиш масаласи кўриб чиқилиши қонунга мувофиқ келмайди.
Конституциянинг 80-моддасига кўра, Сенат ўз фаолиятини ташкил этиш ва палатанинг ички тартиб қоидалари билан боғлиқ масалалар юзасидан қарорлар қабул қилиш ваколатига эга.
Воқеалар ривожидан илгарилаш ниятимиз йўғу, лекин юқоридаги қоидадан келиб чиқиб, бугунги мажлисда қуйидаги вариантлар бўлиши мумкин:
Биринчи вариант. Ғаниевнинг сенатор сифатидаги фаолияти жиддий танқид остига олинади. У ҳаммадан узр сўрайди. Балки узр ҳам сўрамас, шунчаки умуман бошқа маънода гапиргани, ижтимоий тармоқлардаги ғаламислар эса бошқача тушунганини айтиб берар. Унга жиддий огоҳлантириш берилади.
Иккинчи вариант. «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Конституциявий қонуннинг 6-моддасига кўра, сенат аъзоси дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланади. У Сенатнинг розилигисиз, Сенат мажлислари оралиғидаги даврда эса, Сенат Кенгашининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас.
Шу сабабли бугун Ғаниевнинг дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилинади. Бунинг ортидан у катта эҳтимол билан маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин. Жиноий жавобгарликка тортиш масаласи - фантастика. Бунга бирор сабаб кўрмаяпман.
Учинчи вариант. «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасига кўра, алоҳида ҳолларда сенатор деган юксак номга доғ туширувчи хулқ-атвор сабабли сенаторнинг ваколатлари Сенатнинг қарорига биноан муддатидан илгари тугатилиши мумкин.
Шунга кўра, бугун Ғаниевнинг сенаторлик ваколати муддатидан илгари тугатилади.
Бугунги Сенат йиғилиши мана шу учта вариант атрофидаги натижа билан тугаса керак. Булар шунчаки тахминлар. Яна ҳам бироз сабр қилсак, билиб оламиз.
👉 @xushnudbek 👈



