Сайловда номзодлар ва уларнинг вакиллари учун маслаҳатлар

Matn22-dekabr, 2019, 18:322 daqiqa0 koʻrishtahrirlangan

Номзодларга қисқа маслаҳатлар:

Агар узун матнни ўқишга вақт тиғиз бўлса, қуйидагиларни ўқинг:

1) Ҳар бир участкада вакилингиз бўлсин;

2) Вакилларингиз овозларни санаш жараёнига албатта кирсин. Айрим жойларда участка сайлов комиссияси раислари вакилларни киргазмасликка ҳаракат қилмоқчи экан. Бу ноқонуний! Тезда Марказий сайлов комиссиясига ёки прокуратурага шикоят қилинглар (1197 ишонч телефони). Вакилларингиз «мени киргазмади» деб жимгина қайтиб келмасин тағин;

3) Вакилларингиз овозларни санаш жараёнига ўта ҳушёр бўлишсин, 100-200 талаб бюллетенни қўшиб юборишга урунишлари мумкин. Шундай бўлиши билан дарров шикоят қилишсин, видеога олишсин. Буни ҳам ўша жойнинг ўзида, иссиғида қилиш керак;

4) Энг муҳими – якуний натижалар ёзилган баённомаларни РУЧКАДА тўлдиришни ва имзолашни талаб қилиш керак.

Аввалги йилларда ҳокимларнинг талаби билан баённомалар қаламда тўлдирилар эди. Жорий йилда бунга йўл қўймаслик керак. Ўшанақа топшириқ берган ҳокимига ҳам, бошқа валломатига ҳам «бор, тошингни тер» деб айтинг. Агар қайсидир сайлов комиссияси ручкада тўлдиришни рад қилса, яна ўша заҳоти шикоят қилиш керак. “Аслида шундай эканда” деб жимгина қайтиб кетишмасин тағин;

5) Сайлов комиссияси якуний натижалар ёзилган баённомадан нусха беришга мажбур! Ҳар бир вакилларингиз баённомани тезда суратга тушириб олишсин ва Сизга Телеграм орқали ташлашсин. Нусха бермасликка ҳам ҳаққи йўқ!

⚡️6) Янги маслаҳат! Овоз бериш натижалари ёзилган баённомалар қўлингизга келиб тушиши билан, уларни ижтимоий тармоқларга жойлаштиринг. Ёки Телеграм канал очиб (бу жуда осон), ёки Фейсбукка қўйиб ташланг. Яъни ҳақиқатдан Сиз кўп овоз олганингизни исботловчи далилларни тарқатиб юборинг. Токи бошқалар буни ўзгартиришга “духи” етмасин.

‼️Хуллас, ҳурматли номзодлар, агар Сизнинг қўлингизда ҳар бир сайлов участкасида тўлдирилган овоз бериш натижалари ҳақидаги баённомалардан нусха бўлса (ёки камида расми) ва уларда Сизнинг ғалабангиз акс этган бўлса, унда сира хавотирланманг, марра Сизники. Ҳеч кимга буни ўзгартириш учун имконият бермаймиз.

Имкони бўлса, ўша расмларни @saylov_2019bot боти орқали менга ҳам юборинг. Бугун ухлаш йўқ, токи эрталабгача онлайн бўламиз. Агар мабодо кимдир сайлов жараёнларига аралашиб, овозларни сохталаштиришга уринишса, шунақанги дод-вой кўтарамизки, туғилганига пушаймон бўлади.

Фақат яна қайтараман, қўлингизда аниқ далиллар бўлсин. Қуруқ гап билан ҳеч нарсага эриша олмайсиз.

Барча муносиб номзодларга омад тилайман!

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek