Риштон тумани ҳокими ишдан олинди

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanalMatn2 daqiqa0

​​Риштондаги воқеаларнинг қисқа хроникаси. Туман ҳокими ишдан олинди

• Фарғонанинг Риштонида ободанлаштириш важи билан жуда кўп аҳолининг уйи бузилиб, ўзлари компенсация берилмасдан кўчага чиқариб қўйилгани ҳақида ОАВда мақолалар эълон қилинган эди.

• Риштонликлар бузди-буздилардан шу даражада қўрқиб қолишганидан, ҳаттоки ҳокимият вакиллари кечаси келиб уйни бесўроқ бузиб ташламасликлари — ўз хавфсизлиги учун деворга «Бу ерда одам яшайди» ёзувини осиб қўйишга мажбур бўлишганди (сурат пастда).

• Ёки худди шу ободонлаштириш важи билан Риштондаги 50-80 йиллик забардаст чинорлар беаёв кесилаётгани сабабли аҳоли дарахтларга ҳам эълонлар илиб чиқишга мажбур бўлганди.

• Ҳатто ҳокимликнинг айрим вакиллари аҳолига «Ёқмаса, Қирғизистонга кўчиб кетинглар, вилоят ҳокимлигида ишлайман» деган гапларни ҳам айтишганди.

• Яккабоғ ва Урганчдаги воқеалардан ҳамда Бош вазирнинг кескин селекторидан кейин Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев велосипедда юриб, Риштондаги аҳолининг ҳолидан хабар олгани, 27-28 июль кунлари тумандаги ободонлаштириш ва қурилиш ишларига вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан 13 минг 562 нафар ҳашарчи жалб этилгани хабар қилинди.

• Аммо Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ушбу ҳашарни меҳнат қонунчилигини тўғридан-тўғри бузиш ва оммавий равишда меҳнатга мажбурлаш ҳисобланиши ҳақида баёнот берди.

• Баёнотда айтилдики, Вазирлар Маҳкамасининг 349-сон Қарорига мувофиқ, ҳашарни ўтказиш учун Президентнинг тегишли ҳужжати ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори бўлиши ҳамда ҳашар фақат ихтиёрий асосда ўтказилиши шарт. Ҳашарлар доирасида бошқа турдаги жамоат ишлари, шу жумладан, қурилиш-таъмирлаш ишларига мажбурий жалб этишга қатъий йўл қўйилмайди.

• Аммо Риштондаги бу ихтиёрий-мажбурий ҳашар Давлат ёки Ҳукумат раҳбарининг ҳеч қандай қарорисиз ташкил этилган, шунингдек ҳашар доирасида бюджет ва бошқа ташкилот ходимлари қурилиш ва ободонлаштириш, шу жумладан, автомобиль йўллари бўйидаги ишларга жалб этилган.

• Самарқанддаги «Диана фожиаси» Фарғонадаги раҳбарларга сабоқ бўлмаган кўринади.

• Шундан сўнг ижтимоий тармоқларда Телеграмдаги «ФАРҒОНА МАТБУОТИ» деган гуруҳда журналист Муҳаммаджон Обидов вилоятдаги бошқа журналистларни койиб, Риштондаги вазиятни танқид қилганларга қарши мақола ёзиб чиқишни талаб қилгани ва айрим журналистлар бу чақириққа «Есть!» деб, буюртма мақола ёзишга тайёрлигини кўрсатгани ҳақида суратлар тарқалди.

• Бугун эса Риштон тумани ҳокимлигида навбатдан ташқари бўлиб ўтган сессияда туман ҳокими Таваккалжон Раҳимов ишдан олинди. Ўрнига вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаб келаётган Суфҳонжон Солиев Риштон тумани ҳокими этиб тайинланди.

• айтишларича, ҳозирда уйи бузилганларга барча компенсациялар тўлиқ берилиб, уларга уй-жой қуриш ишлари кетмоқда.

Ана шунақа гаплар. Воқеалар ривожини кузатиб борамиз.

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek