Қозоғистонда кундузи чироқ ёқиш бекор қилингани ростми

Matn4-iyun, 2019, 13:413 daqiqa0 koʻrish

​​Қозоғистонда кундузи чироқ ёқиб юриш бекор қилиндими?

Кеча ижтимоий тармоқларда Қозоғистонда йўл-ҳаракати қоидаларига ўзгариш киритилгани, унга кўра кундуз куни чироқ ёқиб юриш қоидаси 13 июлдан бекор қилиниши ҳақидаги видео тарқади.

Бир қарашда бу ёлғон хабарга ўхшамайди, чунки бу гап ТВда айтилган, видеода мансабдор шахслар ҳам интервью бериб турибди, тўғрими? Шундай бўлсада, ҳар қандай хабарга бирдан ишониб кетмасдан, мустақил текшириб кўришга ҳаракат қиламан.

Видеога яхшилаб эътибор берсангиз, кундузи чироқ ёқиш билан боғлиқ қоидани бекор қилиш «кўриб чиқилмоқда» дейилган, «қабул қилинди» эмас.

Келинг, шу хабарни ҳам биргаликда текшириб кўрамиз.

1️⃣ Энг аввал Google орқали қидириб кўрамиз, чунки бу катта мавзу, албатта қозоқ сайтлари бу ҳақида ёзган бўлиши керак.

Қидирувга берганда сўзма-сўз ёзиш шарт эмас, энг муҳим сўзларни ёзсангиз бўлди, Google ўзи билади нимани хоҳлаётганингизни.

Мен учта муҳим сўзни танладим: «13 июль», «Казахстан», «ПДД».

Сиз ҳам эринмасдан шу сўзларни ёзиб, қидириб кўринг.

2️⃣ Натижалар чиқди. Энг биринчи avtosapa.kz сайтидан мана бу хабар чиқди:

С 13 ИЮЛЯ В КАЗАХСТАНЕ ВСТУПЯТ В СИЛУ НОВЫЕ ПОПРАВКИ В ПРАВИЛАХ ДОРОЖНОГО ДВИЖЕНИЯ

Кириб кўрамиз.

Хабарда таъкидланган ўзгаришларни видеодаги билан солиштирамиз: парковка, ишончнома ва техкўрик. Барчаси видео билан тўғри келди.

Лекин яхшилаб эътибор берсангиз, хабарда 2015 йил ҳақида гап кетган.

Шундан сўнг, видеода кўрсатилган khabar.kz сайтига кириб, ўша репортажни қидириб топишингиз ҳам мумкин. Мана ўша репортаж. 2015 йил 9 июлдаги сони экан.

1-ХУЛОСА: демак, видео эски, аниқроғи 2015 йилги экан. Буни видеонинг пастида чиқиб турган ёзувлардан ҳам билса бўлади.

3️⃣ Avtosapa сайтидаги хабарда кундузи чироқларни ёқиб юриш қоидаси бекор бўлгани ҳақида ҳеч нарса ёзилмаган. Шу сабабли, қидирувда давом этамиз. Google таклиф қилган бошқа хабарларга ҳам кириб кўрдим, лекин бу ҳақида бирортасида ёзилмаган.

Бундай вазиятда қидирув шартини бироз ўзгартирамиз ва 3 та калит сўз ёнига яна 2 та қуйидаги сўзни қўшамиз: «отмен», «дхо».

Google энг биринчи zakon.kz сайтидаги қуйидаги хабарни тавсия қилмоқда:

Отмена обязательного включения фар в населенных пунктах не была инициирована официально - МВД РК

Кириб ўқиймиз. Хабардан маълум бўладики, кундузи чироқ ёқиб юриш қоидаси расман бекор бўлмаган, бу масала шунчаки депутатлар орасида Парламентда муҳокама бўлган холос. Лекин расман қонунчиликка таклиф киритилмаган.

Агар ҳафсала билан яна қидиришда давом этсангиз, tengrinews.kz сайтида бундай қоида расман бекор бўлмагани ҳамда бу шунчаки депутатлар гуруҳи томонидан таклиф сифатида айтилгани ҳақидаги хабарларни топишингиз ҳам мумкин. Буларнинг барчаси 2015 йилдаги хабарлар.

2-ХУЛОСА: демак, кундузи чироқ ёқиб юриш қоидаси Қозоғистонда бекор қилинмаган, бу шунчаки таклиф бўлган холос.

Бу худди Ўзбекистондаги ҳозирги вазиятни эслатади. Бизда ҳам Ҳукумат қарори билан томдан тараша тушгандай қоидаларга ўзгариш киритилди, жамоатчиликнинг норозилигидан кейин бир гуруҳ депутатлар ушбу қарорни бекор қилиш таклифини бергани ҳақида хабарлар чиқди. Лекин бу шунчаки таклиф холос, Ҳукумат бундай таклифларни ҳозирча инобатга олгани йўқ.

Хўроз ҳаммаёқда бир хил қичқиради, деганлари шу бўлса керак. Қозоқларда ҳам, бизда ҳам ўхшаш вазият.

4️⃣ Охирида бугунги кунда ҳам бу қоида Қозоғистонда амалдами ёки йўқми, билиш учун «казахстан», «пдд» деб қидирувга бериб, масалан, мана бу ердан қўшниларимизнинг Йўл-ҳаракати қоидаларида ҳозир ҳам бу қоида амалда эканлигини кўриб олсангиз бўлади.

УМУМИЙ ХУЛОСА: ижтимоий тармоқларда тарқаган видео эски (2015 йилги) ҳамда унда таъкидланган Қозоғистонда 13 июлдан кундузи чироқ ёқиб юриш қоидаси бекор қилинади, деган хабарлар ёлғон.

P.S.: Бу шунчаки интернетда чиққан битта хабарни қандай текшириш мумкинлигига мисол холос. Маслаҳатим, ижтимоий тармоқларда чиққан барча хабарларга ишониб кетавермасдан, мустақил текшириб кўриш кўникмасини ўзингизда шакллантиринг. Шунда алданиб қолмайсиз.

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek