Президентга неча кун меҳнат таътили берилади

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanalMatn3 daqiqa0

Президентга неча кун меҳнат таътили берилади?

Президентнинг меҳнат таътилига чиққанлиги ҳақидаги хабар кўпчиликка қизиқ албатта. Шу сабабли худди шу мавзуда 2019 йили ёзган постимни кичик таҳрирлари билан яна бир марта эслатмоқчиман.

Президент неча кун меҳнат таътилига чиқиши мумкин? У меҳнат таътилига чиққанда унинг вазифаларини ким бажариб туради? Келинг, шу ва шу каби бошқа масалалар ҳақида гаплашсак.

«Ўзбекистон Республикаси Президенти фаолиятининг асосий кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддасига биноан, Президентга муддати 36 иш кунидан иборат йиллик ҳақ тўланадиган таътил берилади.

Президент меҳнат таътилига чиққанда унинг вазифалари кимнингдир зиммасига юкланиши ҳақида қонунчиликда бирорта қоидага кўзим тушмаган. Менимча, бундай қоида йўқ ва бу тўғри. Чунки Президент халқ томонидан сайланган олий ваколатларга эга шахс ҳисобланади, унинг вазифаларини вақтинча халқ сайламаган шахсга берилиши жоиз эмас.

Фақат Конституциямизнинг 96-моддасида биргина қоида бор, амалдаги Президент ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Олий Мажлис Сенати Раисининг зиммасига юклатилади. Бунда асосий шарт – 3 ой ичида навбатдан ташқари сайлов ўтказилиши керак. «Ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолат»га айнан нималар киришига изоҳ берилмаган, лекин меҳнат таътили бунга кирмаслиги аниқ.

Олган маълумотларимизга кўра, Шавкат Мирзиёев 14 йил Бош вазир, қарийб 3 йил Президент лавозимидаги фаолияти давомида илк бор 2019 йилда меҳнат таътилига чиққан эди. Бу иккинчиси.

Давлат раҳбарининг меҳнат таътилига чиққанлиги тўғрисидаги 2 қаторли кичкина хабар тўрт жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга:

Биринчидан, бу Президентга оид маълумотлар аудиториясининг кенгайишидир ва бу яхши. Бизда йиллар давомида Президентга оид хабарлар жамоатчиликдан сир тутилган, жуда кам маълумот ОАВга сиздирилган.

Иккинчидан, 2020 йилда пандемия сабаб Ҳукумат жуда тиғиз графикда ишлади. Давлат хизматчилари ёки онлайн, ёки оффлайн бўлсада, яна нормаланмаган иш режимига эски даврга қайтиб қолди. Боз устига ўтган йили пандемиядан ташқари ҳам бир нечта бошқа йирик фожиаларни кўрдик. Бугунги хабар ўз-ўзидан ушбу фавқулодда иш режими анча мўътадиллашгани ва иш тартибида бироз хотиржам бўлиш мумкинлигига ишорадир.

Учинчидан, бизда йиллар давомида меҳнат таътилига чиқмасдан ишлаш ўзига хос «анъана» тусига кирган. Айниқса раҳбарлар орасида. Уларнинг меҳнат таътилига чиқиши, худдики ишдан қочиш ёки дангасалик сифатида қаралишидан хавотир олишади. Аммо албатта бу меҳнат қонунчилиги бўйича маъқулланмайдиган «анъана».

Президентнинг меҳнат таътилига чиққанлиги ҳақидаги хабар шуниси билан ижобийки, бу қуйи бўғин раҳбарларига яна бир ўзига хос сигнал вазифасини ўтайди. Демак, қолган раҳбарлар ҳам меҳнат таътилига чиқиши мумкин, бу уятли иш эмас, ёхуд ўша раҳбарсиз бутун тизим тақа-тақ тўхтаб, ишлар орқага кетиб қолмайди.

Барча ходим, у қайси лавозимда ишлашидан қатъи назар, қонунчиликда белгиланган меҳнат таътилини олиши керак.

Тўртинчидан, Президентнинг меҳнат таътилига чиққанлиги тўғрисидаги хабар айрим бошқа давлатларнинг раҳбарлари билан бўлган ҳодисага ўхшаш ҳолатларнинг олдини олиш учун яхши. Яъни маълум муддат матбуотда чиқиш қилмаслик ортидан давлат раҳбарининг соғлиғи билан боғлиқ турли миш-мишлар пайдо бўлиши мумкин эди. Айниқса пандемия даврида бу жуда актуал.

Ҳар не бўлганда ҳам, Шавкат Мирзиёевга мароқли дам тилаймиз. Меҳнат таътили самарали ўтишига тилакдошмиз 😊

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek