Ўзбекистонда пандемияга қарши курашдаги муаммолар таҳлили
Xushnudbek.uzMatn3 daqiqa0tahrirlanganБугун «ёрилганлар»
Дўстларимиз кетма-кет ёзган постларни ўқиб, кайфият ва асаб анча расво бўлиб қолди. Ростдан ўзингиз учун ўзингиз қайғурадиган пайт келди. Бошқасидан умид йўқ.
* * *
Шаҳноза Тўрахўжаева ўзи ва оиласининг коронавирусга чалинганига ишонмоқда, чунки барча симптомлари тўғри келади. Лекин минг уринса ҳам тест топшириш имконини қила олмаётгани ҳақида ёзибди. Касаллик симптомлари бор инсонлар қаерда тест топширишни билолмай сарсон. Текингамас, пулга бўлса ҳам бунинг имконини топиш қийин бўлиб қолди. Агар жуда катта танишинг бўлмаса, тест топшириш ҳатто отлиққа ҳам имконсиз бўлиб қолди. Йўқса Шаҳноза опа ҳам кичкина лавозимда эмас — адлия вазирининг маслаҳатчиси.
Ҳали шукрки, халқимиз ёппасига вирус юқтиргани йўқ, лекин шу кичкинагина босимга ҳам соғлиқни сақлаш тизими дош бера олмаяпти.
Фикрларни тўлиқ ўқиб кўрсангиз, айтилган танқидларида жон борлигига ўзингиз амин бўласиз:
t.me/shahnozxon/875
Шаҳноза опа ва уларнинг оила аъзоларига соғлиқ тилайман!
* * *
Бунинг давомидан Давлетов.уз жуда тўғри саволни ўртага ташлаяпти: нима учун ўтган 4 ой мобайнида аҳолидан ёппасига тест олиш тизими йўлга қўйилмади?
Инқирозга қарши курашиш жамғармасининг миллиард эмас, триллиондан ошиқ пуллари ўзбек халқига ҳеч қачон фойда келтирмаган ва доим халқнинг чўнтагига зарар бўлиб келган монопол компанияларга берилди.
Ёхуд бирор фойдаси илмий исботланмаган ишлар учун (кўчаларни, машиналарни дезинфекция қилиш) миллиардлаб пулларни ҳавога совурмасдан, пандемияга қарши курашишда энг керакли бўлган тест олиш тизимини яратишса бўлмасмиди?
Шунингдек, Давлетов.уз қуйида бир фикрни таъкидлаяпти, агар муздек кабинетида ўтирадиган амалдорлар ёки уларнинг оила аъзолари ҳам оддий одамлар каби тест топшириш учун иссиқда, юзлаб одамлар орасида соатлаб навбат кутиб туришса, кейин сал вазиятни тушунишарди.
t.me/davletovuz/9856
* * *
Азиза Қурбонова кўтариб чиққан масала ҳам жуда долзарб. Одамларни уйга қамаяпмиз, тест топширишга имкон бермаяпмиз, тест топшира олмагач, ўз-ўзидан уни касалхоналарга қабул қилишдан бош тортаяпмиз, хўп, бунақа аҳмақона тизимни яратгач, ҳеч бўлмаса уйда қандай даволаниш мумкинлигини кенг тарғиб қилиш керак эмасми?
Уй шароитида касалликка қарши бирламчи нималар қилиш мумкинлигини одамлар билсин, ўргансин, интернетдаги турли бўган-бўмаган рецептларни қабул қилиб, бадтар аҳволини оғирлаштирмасин.
Шунингдек, Азиза Қурбонова ўз постида ОАВда одамларни вирус тарқалиши кўпайганда айбланаверишини эшитавериш ҳам баъдга уриб кетганини таъкидламоқда.
t.me/qurbonova_a/2949
* * *
Ўзи шундоқ ҳам кайфият йўқлигида Муҳримнинг ёзганлари одамни янада ўйга толдирди. Кўзимизга жуда кўп маълумот берилаётгандек туюлса ҳам, пандемия шароитида кўп нарсалар очиқланмаяпти. Бу эса вирусга қарши курашишда мураккабликларни келтириб чиқараётгани ҳам бор гап.
Албатта шукр қилиш ҳам керак, агар шу бало 5-6 йил олдин бўлганда борми, биз ҳам айрим қўшниларимиз каби "бизда умуман вирус йўқ" деган бўлармидик, ким билсин. Аммо бу шукр билан нима ҳам ўзгарарди? Бугун, бу - кеча эмас, хавфни бартараф этишда бугун билан яшайвериш керак.
t.me/muhrim/1166
* * *
Ҳа, айтганча, Муҳрим кўтариб чиққан яна бир масала, яъни 183 нафар ишчиси коронавирус юқтириб олган қурилиш компаниясининг номини ҳалигача бирорта амалдор юрак ютиб айта олмаётгани ҳақидаги масала жуда ҳаётимизни яхши томонга ўзгартирмаса ҳам, лекин шунчаки бўлаётган айрим иккиюзламачиликлар ҳақида тасаввур бериш учун яхши факт. Чунки расмий ахборотларда бошқа тадбиркорлик субъектларининг номи (алоқа компаниялари, банклар, савдо комплекслари, заводлар) бемалол айтилди, лекин қурилиш компанияси номига келганда «компанияга зарар етказиши мумкинлигини ҳисобга олинди».
Муҳрим буни шармандалик деб атамоқда:
t.me/muhrim/1167
***
❗️Хуллас, аввалроқ ёзганимдек, Сиздан биргина ўтинчим, ўзингизни ва яқинларингизни эҳтиёт қилинг. Вазиятга жиддий қаранг, бепарволикка берилиб қолманг.
👉 @xushnudbek 👈
- 👍 1



