Ўзбекистонда ўқишга кириш баллари таҳлили

Matn17-avgust, 2019, 17:323 daqiqa0 koʻrishtahrirlangan

​​Ўзбекистонда талаба бўлиш қийинми?

Ҳар доим таълим тизимидаги сифат қониқарли даражадан ҳам пастга тушиб кетгани мени хавотирга солади.

Масалан, кириш балларини таҳлил қилар эканмиз, ҳақиқий аҳвол кўз олдимизда намоён бўлади. Юқоридаги видеода 2014-2017 йиллардаги кириш баллари таҳлил қилинганди, аммо ўша йилларда саволлар ўта қийин бўлганлиги, шу сабабли кириш баллари пасайиб кетган бўлиши мумкинлигини ҳисобга олиб, холислик учун 2018 йилги балларни ҳам таҳлил қилдим.

Ўтган йили илк маротаба барча тестлар катта павильонларда бўлди ва коррупция ҳолати кескин камайди (100% эмас). Саволлар ҳам содда ва осон тузилди. Буни ҳамма таъкидлади, ҳеч ким инкор қилмаса керак.

Хўш, ана шундай шароитда кириш баллари қандай бўлди?

Ўзгариш унчалик катта эмас. Ҳалиям кириш баллари анча паст.

ТЎЛОВ-КОНТРАКТ БЎЙИЧА

Жами 1753 та йўналиш таҳлил қилинди.

Шундан 1316 та, яъни 75,1% йўналишга кириш бали 100 баллдан паст бўлган. Тасаввур қиляпсизми, атиги 100 балл тўплаб, 75%дан кўпроқ йўналишга киришган!

100 балл ҳам кўпми? Майли, унда сал пастроққа тушамиз. Атиги 90 балл тўплаб 1173 та (66,9%) йўналишга кириш мумкин бўлган. Мингтадан ошиқ!

90 балл ҳам баланд десангиз, унда атиги 80 балл тўплаб, 2018 йилда 971 та (55,4%) йўналишга киришган. Яъни барча йўналишларнинг ярмидан кўпида кириш бали 80 баллдан паст бўлган! ЯРМИДАН КЎПИДА!

70 баллчилар ҳам хафа бўлишмаган. 678 та (38,7%) йўналишда 70 баллдан камроқ тўплаб, талаба бўлиш бахтига муяссар бўлишган.

Юқори билим талаб этиладиган йўналишлар сони эса кўп эмас. Масалан, контрактга кириш бали 150 баллдан юқори бўлган йўналишлар сони атиги 22 та, яъни 1,2% холос.

150 ни қўя туринг, яна ҳам пастга тушамиз. Кириш бали 130 баллдан юқори бўлган йўналишлар сони 137 та, яъни атиги 7,8%.

Ҳали бу саволлар осон бўлганда шунақа. Сал қийинроқ бўлса, рақамлар янада пастга тушади.

ДАВЛАТ ГРАНТИ БЎЙИЧА

Кўпчилик ўйлайдики, бюджетга кириш учун жуда кўп ўқиш керак, вундеркинд, гений бўлиш керак деб. Аммо рақамлар таҳлили бошқа нарсани таъкидламоқда.

Жами 2230 та йўналиш таҳлил қилинди (вилоятлар бўйича мақсадли қабул ҳисобига бюджет сони контрактдан кўпроқ).

Бюджетга учун кириш бали 150 баллдан юқори бўлган йўналишлар сони 238 та, яъни 10,7%.
Демак, 90% йўналишга бюжетга кириш учун бемалол 150 баллдан пастроқ тўпласа ҳам бўлади.

Пастдан келамиз. 1025 та (46%) йўналишга бюджетга ўқишга кириш учун 100 баллдан пастроқ тўпласа ҳам кифоя бўлган. Яъни Сиз 99,9 балл олсангиз, 2018 йилда мингдан ортиқ йўналишга бюджетга киришингиз мумкин бўлган.

Янада пастга тушсак, 423 та (19%) йўналишга бюджетга кириш бали 80 баллдан паст бўлган.

Ўртача билимли абитуриент 130 балл олиши мумкин, деб ҳисобласак, 2018 йилда 1679 та, яъни 75,3% йўналишга бюджетга кириш бали 130 дан паст бўлган.

Хуллас, рақамлардан кўриш мумкинки, Ўзбекистонда ўқишга кириш жуда унақа қийин ва мураккаб иш эмас. Тўғри, бутун дунёда бўлгани каби айрим нуфузли йўналишларда (юриспруденция, тиббиёт, иқтисод) баллар ҳар йили баланд бўлади, уларга кириш учун ҳаммадан кўпроқ ўқиш керак. Аммо умумий олганда салгина ўқиган абитуриент минглаб йўналишларга қийналмасдан ҳатто бюджетга кира олади.

Имтиҳонлардаги коррупцияга қай даражада тиш-тирноғим билан қарши бўлсам, ўз навбатида худди шундай иштиёқ билан ёшларнинг яхшироқ ўқишини истайман.

Фақат битта асосий фанни (3,1 баллик) ётволиб ўқиб, қолган 2 та фанни ўқимасдан, фақат “А” қилиб таваккал белгилаб чиқса ҳам 100 баллдан ошириш мумкин.

100 балл эса Ўзбекистонда 75%дан кўпроқ йўналишга контракт, 46% йўналишга бюджетга кириш учун етарли. Яна нима керак Сизга, ҳайронман...

Ўқийлик, илтимос, ўқийлик...

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek