O‘zbekiston OTMlarida faoliyat yuritgan ayol rektorlar

Matn29-iyun, 2019, 11:432 daqiqa0 koʻrishtahrirlangan

​​Аёл ректорлар ҳақида

Сенат раиси Танзила Нарбаева ўзининг Фейсбук саҳифасида Шарқшунослик институтига аёл кишининг ректор сифатида тайинланганини алоҳида эътироф этди ва Гулчеҳра Рихсиева бугунги кундаги ОТМлар орасидаги ягона аёл ректорлигини маълум қилди.

Шарқшунослик институти ректорини жамоага таништириш маросимида Танзила Нарбаевадан ташқари, Президент маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувахитов ҳамда Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовлар ҳам иштирок этган.

Маълумот учун: бугунги кунда ОТМ раҳбари (фақат ректор эмас, филиал директори) сифатида ишлаб келаётган аёл киши бор эди. Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиали директори Атаниязова Орал Аминовна узоқ йиллардан буён ушбу лавозимда фаолият олиб бормоқда.

Бундан ташқари муштарийларнинг изоҳлари орқали аввалги йилларда ОТМ ректори бўлиб ишлаган аёллар ҳақида қуйидаги маълумотлар ҳам тўпланди:

• СССР даврида СССР Медицина Институтлари ичида Самарқанд Медицина Институти Ректори Ваҳабова Ўктамхон опа ягона аёл ректор сифатида узоқ йиллар ишлаган;

• Ўзбекистон тарихида биринчи аёл ректор Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида академик Агзамова Мақсуда Ходжиновна бўлганлар. Бундан ташқари ушбу институтда 1990 йил 24 июлдан 2005 йил 17 февралгача техника фанлари доктори, профессор Алимова Ҳалима Алимовна ректор лавозимида фаолият олиб борганлар;

• Фарғона политехника институтида 1980 йилларда Сайдалиева Маҳфуза Султановна узоқ вақт ректор бўлган. Шунингдек, ФарПИда профессор Гулчеҳра Ҳамидова ҳам узоқ йиллар ректорлик қилган;

• Ўзбекистон Давлат консерваториясини 2005-2013 йилларда Мурадова Дилдора Аҳмедовна бошқарган. Улардан олдин ҳам бу даргоҳни 1987-1997 йилларда О.Ю.Юсупова бошқарган;

• Ҳозирги Қарши давлат университети, собиқ Қарши давлат педагогика институти ректори Ўлжабоева ушбу лавозимда ишлаган;

• Тошкент темир йўл муҳандислари институтида 2009-2012 йилларда Каримова Феруза Фузаиловна ректор сифатида фаолият олиб борган;

• Раззоқ Ҳамроевнинг қизи Гули Ҳамроева Миллий рақс ва хореография олий мактаби ректори бўлган.

P.S.: афсуски деярли барча ОТМларнинг сайтида ушбу олийгоҳда ректор бўлиб ишлаган инсонлар ҳақида маълумотни топиб бўлмайди. Аксарият сайтларда ОТМ тарихи деган саҳифалар ёки йўқ, ёки борлари ҳам ишламайди. Ўйлашимча, ҳар бир ОТМ сайтида ҳурмат юзасидан албатта аввалги йиллардаги ректорлар ҳақида маълумот бўлиши керак. Чунки ўша инсонлар ҳам маълум йилларда таълим ривожига ўз ҳиссаларини қўшишган.

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek