ОТМларда профилактика инспектори лавозимини жорий этиш

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanalMatn2 daqiqa0tahrirlangan

Ҳар бир ОТМга ўзининг профилактика инспектори керакми?

Ички ишлар вазирлигининг троллар фабрикасини расмийлаштиришга оид ҳужжат лойиҳаси ҳақида аввал ёзгандик. Бу бўйича ИИВ матбуот хизмати ҳам баёнот бериб, таклифлар инобатга олинишини айтиб ўтди. «Таклифлар инобатга олинади» дегани, ўша троллар фабрикаси, ийе узр, «ватанпарвар блогерлар» демоқчи эдим, хуллас ўшалар норасмий ишлайверади, шунчаки уларни расмийлаштириш фикридан қайтдик, дегани эмасмикин?

Мазкур қарор лойиҳасининг фақат битта бандига кўпроқ урғу бердигу, лекин қолган бандлари эътиборимиздан бироз четда қолди.

Масалан, қарорда яна мана бунақа банд ҳам бор:

«12. Ички ишлар вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг қуйидаги:

ОТМларда вояга етмаганлар ва ёшлар билан ишлаш бўйича инспектор лавозимини ОТМнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан жорий этиш;

ОТМлар вояга етмаганлар ва ёшлар билан ишлаш бўйича инспекторларининг хизмат фаолияти бўйича тегишли ОТМ билан бир вақтда ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаларига ҳисобдорлигини белгилаш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин».

Олий таълим соҳасига алоқаси бор инсон сифатида ушбу бандга ҳам мутлақо қаршиман.

Биринчидан, ўзи шундоқ ҳам олий таълимда кераксиз тақиқ ва назоратлар кўп. Талабаларга бериладиган билим сифати эмас, унинг кийими, соч-соқоли, давомати, ручкаси, қалами, керак бўлса пайпоғигача назорат остида. Биз мазмунга эмас, шакл-шамойилга кўп урғу берамиз, эркинлик бермаймиз ёки бундан қўрқамиз.

Агар бу таклиф амалга ошса, энди дарвоза тагида декан ёки “замдекан” эмас, формали ички ишлар ходими турволиб, талабаларнинг сочи ва кийимини назорат қилиб ўтирадими? Жиноятчиликка қарши курашишнинг бошқа эффективроқ йўлларини танласа бўлмайдими?

Иккинчидан, бу лавозимни ОТМлар ўз маблағларидан молиялаштирар эмиш. Кечирасизлару, ОТМларимиз шундоқ ҳам асосан давлат субсидиясида ўтиради, деярли мустақил пул топмайди. Аммо харажатлари катта. Таълим сифатини ошириш учун янада кўпроқ маблағ керак уларга. Нима учун ОТМ ўзи минг машаққат билан топган пулни ўқитувчиларига ойлик қилиб бермасдан, қанақадир профилактика инспектори учун ойлик тўлаши керак? Таълим сифатига талабаларни назорат қилиб юрадиган инспектордан қандай фойда бўлади? Мен бирор фойдани кўрмаяпман.

Қарор лойиҳаси қайта кўриб чиқилаётганда шу масалаларни ҳам инобатга олишса яхши бўларди.

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek