Otabek Nuriddinovning ma'muriy qamog'i va qonun ustuvorligi

Matn1-yanvar, 2020, 15:342 daqiqa0 koʻrish

Фуқаро

Отабек Нуриддинов исмли фуқаро (блогердан кўра, фуқаро мақоми муҳимроқ) маъмурий жавобгарликка тортилгани ҳамда унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўллангани ҳақида кўп ёзишмоқда.

«Отабек Нуриддиновга озодлик» дея ҳайқирмоқчи эмасман, чунки аслида воқеа нима бўлганидан бехабарман. Рости О.Нуриддиновни танимас ва кузатмас эканман, шу сабабли унинг айбсиз эканлиги ҳақида қўлимда факт йўқ. Мен сўрайдиган ва талаб қиладиган ягона нарса – барчаси қонун асосида, очиқ ва шаффоф бўлсин.

Агар давлат сири билан боғлиқ жойи бўлмаса, биз ҳам (жамоатчилик) билайлик, ўша фуқаро нима учун маъмурий жавобгарликка тортилди, жавобгар ўзини қандай ҳимоя қилди, кимлар гувоҳ бўлди, адвокат қатнашдими, қатнашган бўлса, ҳимоя позициясини қандай олиб борди, суд ўз қароринини қабул қилаётганда қайси далилларга асосланди, агар жавобгар суд қароридан норози бўлса, унга шикоят қилиш ва ҳимояланиш ҳуқуқи етарли даражада таъминландими ва ҳ.к. Суд қарорини тўлиқ эълон қилишса яхши бўларди.

Масалан, менга қизиқ жойи – прописка масаласидаги ишлар маъмурий судларда 1 ойдан кўпроқ давом этади, орқа эшикка ўрнатилган парда масаласи эса айрим ҳолатларда 2-3 ой кўрилади. Бошқа ишлар ҳам судларда яхшигина чўзилади. Бироқ негадир туҳмат, ҳақорат ҳамда майда безорилик айблари кўрилаётганда бир неча соатда суд қарор қабул қилади. Қонунан бу нотўғри эмас, бунга суд тўла ҳақли, тушунаман. Аммо барибир буларнинг барчаси менга жуда ғалати кўринади.

Умуман олганда саволлар кўп. Жамоатчиликка етарли маълумот берилмаслиги шубҳа ва гумонларни оширади холос.

Юқоридаги фикримни яна қайтармоқчиман, Ўзбекистон Республикаси фуқароси деган мақом блогер деган мақомдан юз чандон баландроқ. Яъни қонунийлик фақат блогерлар учун эмас, барча Ўзбекистон фуқаролари учун бирдек ишлашини орзу қиламан.

Блогер аслида ким? Қонун бўйича, ижтимоий тармоқда саҳифаси бор барча шахслар — блогер. Айтайлик, агар Фейсбукда 2 млн ўзбекистонлик саҳифа очиб, фикрларини ёзиб борса, демак, билингки, ўша 2 млн фуқароларнинг барчаси блогер ҳисобланади. Қонунда шунақа ёзилган.

Шу нуқтаи назардан барча фуқароларнинг манфаатлари бирдек, тенг ҳимоя қилиниши, ижтимоий тармоққа умуман кирмайдиган чекка бир қишлоқдаги ҳамюртимизнинг ҳуқуқлари журналист ёки блогерларнинг ҳуқуқларидан кам бўлмаслиги, улар билан тенгма-тенг қонун ҳимоясида бўлиши лозим.

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek