Матбуот хизматларини ривожлантиришга оид қарор лойиҳаси

Matn24-may, 2019, 18:002 daqiqa0 koʻrishtahrirlangan

Матбуот хизматлари фаолиятини ривожлантиришга оид Президент қарори лойиҳаси эълон қилинди. Яхши гаплар бор.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан давлат ташкилотларининг матбуот хизматлари фаолиятини ривожлантиришга оид Президент қарори лойиҳаси жойланди.

Лойиҳага кўра:

👉 ахборот хизмати раҳбари бир вақтнинг ўзида давлат ташкилоти раҳбарининг матбуот котиби ҳисобланади ҳамда ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси мақомига эга бўлади, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шароитларига кўра раҳбар ўринбосарига тенглаштирилади;

👉 давлат ташкилотларининг ахборот хизматлари ходимлари (раҳбаридан ташқари)нинг лавозим маошларига бошқа ҳар қандай тўловлардан қатъи назар 50 фоиздан кам бўлмаган миқдорда ойлик устама тўланади;

👉 ахборот хизматининг вазифалари ва функциялари бошқа бўлим ва бўлинмаларига юкланишига йўл қўйилмайди;

👉 ахборот хизматлари қоида тариқасида давлат ташкилотларининг марказий аппарати, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида улар ходимлари умумий чекланган сони доирасида ахборот хизмати раҳбари – матбуот котибидан ташқари:
• ОАВ ва жамоатчилик билан алоқалар;
• веб-ресурслар ва ижтимоий тармоқлар билан ишлаш;
• таржимонлик;
• тасвирга олиш йўналишлари бўйича камида тўрт нафар бошқарув ва техник ходимдан ташкил топади;

👉 давлат ташкилотларининг бўйсинувидаги ташкилотлар ва ҳудудий бўлим ва бошқармалари, туман (шаҳар) ҳокимликларида ахборот хизматлари камида икки нафар бошқарув ходими ва техник ходимлардан иборат таркибда ташкил этилади;

👉 ахборот хизматларининг раҳбарлари ва бошқарув ходимлари мос равишда Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари билан келишган ҳолда лавозимга тайинланади;

👉 ахборот хизматларининг раҳбарлари ҳар уч йилда бир марта Агентликда аттестациядан ўтказилади;

👉 ташкилот раҳбарларига ахборот хизматларини замонавий моддий-техника воситалари, шу жумладан хизмат хонаси, телевизор, компьютер жамланмаси, хизмат машинаси, аудио, видео ёзиб олиш ускуналари, фотокамера, юқори тезликдаги интернет, зарур дастурий маҳсулотлар билан таъминлаш, шунингдек ахборот хизматларини юқори малакали мутахассислар билан тўлдириш юзасидан шахсий жавобгарлик юкланади;

👉 давлат ташкилотлари Ташқи ишлар вазирлиги ва Агентлик билан биргаликда ахборот хизматлари ходимларини дунёнинг етакчи мамлакатларига ахборот хизматлари фаолиятини ўрганиш, тажриба алмашиш, стажировка ўтказиш мақсадида бир йилда камида бир марта хизмат сафарига юбориш чораларини кўради.

Қарор лойиҳаси билан қуйидаги манзилда батафсил танишишингиз мумкин:
https://regulation.gov.uz/uz/document/3612

Муҳокамалар 10 июнга қадар давом этади.

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek