Чет тили сертификатлари бўйича янги тартиб муҳокамаси

Matn28-noyabr, 2018, 19:103 daqiqa0 koʻrish

Чет тилидан тестда максимал балл берадиган сертификатлар ҳақида

Куни-кеча ОТМларга ўқишга қабул қилишда миллий ҳамда халқаро баҳолаш тизимлари сертификатларини татбиқ қилишга оид қарор лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳага кўра, келгуси йилдан бакалаврда чет тили биринчи (асосий) фан бўлган йўналишларда тестдан максимал балл олиш ва чет тилидан тест топширмаслик имтиёзи фақат B2 даражасидаги сертификатга эга абитуриентларга бериладиган бўлди. 2 ва 3-фанлар учун B1 даража кифоя.

Қарор лойиҳасига берилган фикрлардан кўринадики, аксарият кишилар бундан норози бўлишмоқда. Норози бўлаётганлар асосан қуйидаги фикрларни таъкидлашмоқда:

Давлат таълим стандартлари бўйича ўрта ёки ўрта махсус тизимни битирган ўқувчилар учун B1 даража белгиланган. Абитуриентлардан B2 даража талаб қилиш мутлақо нотўғри! Бирданига B1 даражадан B2 даражага сакраш адолатданми?

Ушбу масалада ўзимнинг шахсий фикримни айтадиган бўлсам, мазкур лойиҳа тарафдориман ва юқоридаги эътирозларга қўшилмайман. Қуйида буни асослашга ҳаракат қиламан:

Аввало “абитуриентлардан B2 даража талаб қилишяпти” деган фикрнинг ўзи нотўғри талқин. Чунки лойиҳада имтиҳондаги тест саволлари B2 даражада тузилади дейилмаяпти. Тест саволлари мактаб/коллежни тугатган ўқувчига қўйилган даражада, яъни B1 да тузилади. Агар ДТМ чет тилидан B2 даражада саволлар тузса, ҳа, бу мутлақо нотўғри.

Лойиҳада кимларга чет тилидан максимал балл бериб, уларни имтиҳондан озод қилиш ҳақида гап кетяпти. Яъни имтиёз ҳақида. Бу иккисини фарқлаб олишимиз керак.

Кимгадир имтиёз берилгандан кейин, у ўша имтиёзга лойиқ бўлиши шарт.

Ўзи асосий (биринчи) фан чет тили бўлган йўналишлар кўп эмас, 3-4 та холос. Масалан, филология ва тилларни ўқитиш, таржима назарияси ва туризмга оид йўналишлар. Бошқа йўналишларда чет тили биринчи фан эмас.

Боз устига ҳамма йўналишларда ҳам тестда чет тили фанидан саволлар бўлавермайди. Агар ДТМ жорий йил учун эълон қилган фанлар мажмуасини таҳлил қилсак, 28 хил блок мавжуд бўлса, шундан атиги 13 тасида (50% ҳам эмас) чет тили фани мавжуд экан. Қолган блокларда чет тили йўқ.

Демак, худдики барча абитуриентлардан B2 талаб қилишяпти, деб ваҳима қилишга асос йўқ.

Бу масаланинг бир томони. Бошқа томондан қараганда, инглиз тили филологияси йўналишига ҳужжат топширган абитуриент инглиз тилини археология йўналишига топширган абитуриентдан яхшироқ билиши керакми? Нима учун оддий мактаб битирувчисига қўйилган талабни (B1) билгани учун инглиз тили ва адабиётига топширган абитуриентга тест синовларида максимал (!) балл бериб ва уни тестдан озод қилиш керак? Нима учун?

Инглиз тили бўйича таржима назарияси ва амалиёти йўналишида имтиёзга эга чиқмоқчими, марҳамат, ҳаммадан бир бош баландроқ эканлигини исботласин ва B2 даража билан максимал балл (30 тадан 30 та тўғри жавоб) олсин. Абитуриент ҳаммадан зўрроқ эмасми, унда кечирасиз, марҳамат қилиб B1 даражада тузилган тест саволларига эл қатори жавоб берсин ва зўр бўлса, ҳаммасига тўғри жавоб бериб, ўқишга кирсин.

Тарих, фалсафа, миллий ғоя, психология ва ҳ.к. йўналишларга топширган абитуриентлар учун эса B1 даража ҳам бемалол кифоя қилади. Мактаб/коллеж битирувчисига қўйилган даражада (ортиқча эмас) билимга эга эканлигини кўрсатсин ва бемалол чет тили блокидан максимал балл олиб, шу фандан тест топшириб ҳам ўтирмасин. Нима муаммо?

Азал-азалдан кириш имтиҳонларида бошқаларга таъсир қиладиган имтиёзларга қарши бўлганман. Масалан, ҳарбий тавсияномага эга бўлганларнинг имтиёзи шулар жумласидандир. Агар мабодо имтиёз берилса ҳам, албатта ўша имтиёз олаётганлар бошқалардан ҳақиқатдан анча зўрроқ бўлиши шарт. Ёки ўта зўрлигини исботласин (масалан, халқаро олимпиадалар, нуфузли танлов ғолиблари), ёки ҳамма қатори тестга кирсинда, билимини соғлом рақобатда синаб кўрсин.

Албатта буларнинг барчаси ИМХО.

Абитуриентларга оид бошқа янгиликлар: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek