Чорвоқда машҳур брендлар очилиши ҳақидаги хабарларга изоҳ
Manba:Daryo — LIVE
Чорвоқда McDonald’s, Burger King, Starbucks очилиши ҳақида эрталабдан бери ёзишяпти. Очилиши ҳали аниқмас. Вазирлар Маҳкамаси Чорвоқдаги эркин туристик зонага шу брендларни Ўзбекистонга таклиф қилиш устида ишлаяпти, холос.
Саҳиҳ хабарларга кўра, ҳукумат Чорвоқдаги эркин туристик зонада Burger King, McDonald’s ва Starbucks талабларига мос шарт-шароитларни яратиш ҳақида кўрсатма берган. @catseditor жаҳонга машҳур бу емакхоналарнинг талаблари қандайлиги ҳақида қизиқ тушунтириш берган.
Масалан, Starbucks’нинг талаблари жуда қатъий эмиш — компаниянинг бош офиси ҳар бир емакхонасининг деразасидан тортиб унда қўйиладиган мусиқагача — ҳамма нарсани назорат қилиб туради. Лола ё Шаҳзодаларнинг клипларини айлантирадиган TV-Line ёки Citv-TV деган нарсаларни улаб қўя олмайсиз.
Бундан ташқари, франшизани очаётан бизнесмен, франшиза бадал пули ва солиқлардан ташқари, умумий майдони 75—85 квадрат метрдан кам бўлмайдиган қаҳвахонанинг ҳар бир квадратига 2 минг доллардан пул тикиш мажбуриятини ҳам олиши зарур. Яъни, ҳали роялти (номдан фойдаланганлик учун ижара пули)дан ташқари бир муассаса учун киритилиши керак бўлган инвестициялар ҳажми 175 минг долларни ташкил этади.
Ёки McDonald’s ни олайлик. Ушбу компания номидан фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун даъвогар беш йил ичида пул айланмаси 1,5 миллион долларга тенг 15 та шохобча очиши керак. Айни вақтда, барча маҳсулот — масаллиқдан тортиб тиш-ковлагичгача ҳаммаси — АҚШдан олиб келиниши шарт.
Осон бўлмайди. Evos ва Drujba Burger’лар гегемонияси ўрнатилган мамлакатга бундай катта харажатлар билан McDonald’s ва Starbucks’ларни олиб келиш осон бўлмайди. Айтмоқчи, биров осон бўлади, деб ваъда бераётгани ҳам йўқ.


