Азиза Шаназарова билан илм ва хориждаги таълим ҳақида суҳбат

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanalMatn3 daqiqa0

​​Азиза Шаназарова: «Ватанимизнинг дунё илмига қўшган ҳиссасини талабаларга ўргатиш менга завқ беради»

«Ватандош» нашри ўтган йили апрель ойида Азиза Шаназарова билан интервью уюштирган экан, ўша суҳбатдан айрим қисмларни эълон қилмоқчиман, марҳамат:

«Ватандош: Азиза, ўзингиз ҳақингизда маълумот берсангиз?
Азиза: Асли Тошкентликман. Тошкент Давлат Шарқшунослик Институтини имтиёзли тамомлаб, Беруний номидаги Шарқшунослик Институтида илмий ходим бўлиб ишладим. У ерда йирик шарқшунос олимлар қўлида ишлашга муваффақ бўлдим ва қўлёзмалар оламига кириб бордим. Кейин эса АҚШда Индиана университетида ўқишимни давом эттирдим. Дастлаб магистратура ва кейин докторантура йўналишларида ўқидим. Ҳозирда докторлик диссертациямни ҳимоя қилиш арафасида турибман.

Ватандош: Нега айнан Индиана университетини танладингиз?
Азиза: Индиана университети ўзининг бир қанча мактаблари билан дунёга машҳур. Уларнинг орасида Марказий Осиёни ўрганиш бўйича факультети ҳам бор. Бундан ташқари, ушбу факультетда шарқшунослик соҳасидаги нуфузли профессорлар дарс бериб келишади. Шулардан бири Сўфизм бўйича энг машҳур олимлардан саналган профессор Девин ДеВис бор. Мен айнан профессор ДеВиснинг шогирди бўлиш учун Индиана университетига кирганман.

Ватандош: Илмий ишингиз ҳақида гапириб берсангиз.
Азиза: Мен дастлаб Марказий Осиёда жадидчилик ҳаракати тарихи бўйича ишладим ва магистирлик ишимни асли Тошкентлик жадид ёзувчиси бўлган Лазиз Азиззоданинг «Туркистоннинг уйғониш тарихи» асари устида ишладим ва шу асарни инглиз тилига таржима қилдим. Кейин, менга жуда қизиқ бўлган мавзу, тасаввуф ва аёллар тарихига илмий шўнғидим. Айниқса, мен Марказий Осиёда тасаввуфнинг ривожланишида аёлларнинг қўшган ҳиссаси мавзусига қизиқаман. Менинг докторлик диссертациям Марказий Осиёда сўфий аёллар ва гендер тарихи билан боғлиқ.

Ватандош: Илмий иш билан бирга дарс бериш билан ҳам шуғулланиб келасиз. Қандай мавзуларда дарс берасиз?
Азиза: Дарс беришни Индиана университетида бошладим. У ерда Буюк Ипак Йўли, Марказий Осиёда аёллар тарихи ва Араб тили бўйича дарс бердим. Ҳозирда эса, Стэнфорд университетида Исломда аёлларнинг ўрни ва Сўфизм мавзуларида маърузалар ўқиб келаяпман. Талабаларга дарс беришни яхши кўраман. Маърузаларимда Марказий Осиё ҳақида сўзлаб бераман, айниқса Ўзбекистонни кўп ёдга оламан. Ватанимизнинг дунё илмига қўшган ҳиссасини талабаларга ўргатиш менга завқ беради.

Ватандош: Сизга ўхшаб хорижда, хусусан докторантура – PhDда ўқишни режалаштириб, орзу қилиб юрган ватандошларимизга қандай маслаҳатлар берасиз?
Азиза: Маслаҳатим доимо мақсад сари интилиш. Аслида, PhDга кириш қийин эмас, лекин ҳар хил чиғириқлардан ўтиб уни якунлаш одамда матонат ва сабрни талаб қилади. Чет элда PhD қилишни орзу қилаётган ёшлар учун маслаҳатим ўзларининг илмий тадқиқот мавзуларини олдиндан белгилашни ва шу мавзу доирасида конференциялар, илмий анжуманларда қатнашишини тавсия қиламан. Бу эса уларга шу соҳада иш олиб бораётган мутахассислар ва илмий марказлар билан танишишларига ёрдам беради. Мен аминманки, Ўзбекистондаги ёшлар қўрқмасдан Европа ва АҚШ университетларига магистратура ва докторантурага топширишлари керак ва улар буни уддалай олишади.

Бир мисол, ўтган йили менинг укам Тошкентда туриб ўндан зиёд АҚШдаги нуфузли университетларга MBA (Masters degree) учун қабул қилинди, умумий ҳисобда 500000$ гранд (scholarship) асосида. Ҳозирда укам Йел университети талабаси ҳисобланади. Укамнинг мисоли Ўзбекистон ёшлари учун «Интилганга толе ёр» мақолининг тўлақонлик исботи дейишим мумкин.

Ватандош: Докторлик ҳимоянгиз шу кунларда экан. Ундан кейинги режаларингизда нималар бор?
Азиза: Ҳозирда Оксфорд ва Питтсбург университетларидан «постдокторлик»ликка таклиф олдим. Питтсбург университетида ҳозирда Марказий Осиё бўйича янги лойиҳалар ташкил қилинмоқда. У ерда илмий ишимни давом эттириш билан бир қаторда дарс беришда ҳам давом этаман. Оксфорд университетида биринчи китобим устида изланиш олиб бориш ниятим бор.

Ватандош: Китобингизни кутиб қоламиз ва келгуси ишларингизда ҳам омад ёр бўлсин!

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek