АҚШ Олий суди судьяси Рут Гинзбург 87 ёшида вафот этди
Manba:davletovuz
Кеча Америка суд тизимининг таянчларидан бири, Олий суднинг либерал овози, афсонавий судья Рут Гинзбург 87 ёшида вафот этди. Беҳзод Ҳошимов айтганидек, унинг вафоти ҳақиқатан ҳам 2020 йилнинг энг муҳим воқеаларидан бири, ноябрда бўлиб ўтадиган сайловларнинг бош мавзусига айлан(а)ди.
27 йил давомида Олий суд, яъни Конституциявий суд судьяси бўлган Гинзбург Америкада инсон ҳуқуқлари, жумладан, аёллар ҳуқуқлари борасида мислсиз курашчи бўлган, Олий судда шаклланган либерал судьялар етакчиси эди. У нафақат суд прецедентларини яратишда, балки АҚШ ижтимоий-сиёсий ҳаётида ҳам ҳурматга, таъсирчан овозга эга юрист эди.
Рут Гинзбург охирги йиллар оғир хаста эди. Аммо АҚШда Олий суд судьялигига номзодлар президент томонидан кўрсатилади ҳамда сенат томонидан тасдиқланади. Ҳозирги кунда президент республикачилардан эканлиги, боз устига Дональд Трамп эканлиги, қолаверса, сенат ҳам республикачилар томонидан назорат қилинаётгани боис ҳам у истеъфога чиқмаётган эди. Йўқса, унинг ўрнига трампсифат судья келиши аниқ эди. Ҳали ҳам шу хавф турибди.
Дональд Трамп шундоқ ҳам Олий суднинг икки нафар судьясини тайинлашга улгурди. Оқибатда 9 нафар судьянинг 5 нафари консерватор, 4 нафари либерал қарашдаги судьялардан иборат бўлиб қолган эди. Агар Гинзбургнинг бўшаган ўрнига ҳам Трамп ва республикачилар янги судьяни тайинлайдиган бўлса, бу, биринчидан, Дональд Трампга Ричард Никсондан кейин Олий суднинг 3 нафар судьясини тайинлаш имконини берса, иккинчидан, Олий судда консерватор қарашларнинг 6—3 шаклда мутлақ ғалабаси юзага келади. Бу, айниқса, давлат ҳокимиятчилигининг долзарб масалаларида ўзаро тийиб туриш принципини анча заифлаштиради. Трампдан кейин қоладиган бузуқ тизимни эса тиклаш анча қийин бўлади.
Шу сабабли ҳам судьянинг жасади ерга қўйилмасдан, унинг ўрнини ким ва қандай эгаллаши сиёсатчилар ва оммавий ахборот воситаларининг асосий мавзусига айланган. Демократлар фикрича, ноябрь ойида бўлиб ўтадиган сайловда ғалаба қозонган президент янги судья номзодини кўрсатиши керак. Республикачилар худди шундай аргумент билан 2016 йилда Барак Обаманинг номзодини ўтказишмаган эди. Ўша пайтда жон-жаҳди билан ушбу позицияда турган республикачи сенаторларнинг фикри бугун мутлақо тескари. Республикачиларнинг сенатдаги етакчисининг айтишича, Трамп кўрсатган номзодни тасдиқлашга сенат дарҳол киришади.

