Адвокатура тизимида кутилаётган ижобий ўзгаришлар
"Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5441-сонли Президент қарори асосида соҳада қуйидаги ижобий ўзгаришларни амалга ошириш режалаштирилган:
👉 адвокатлик лицензиясини олиш учун адвокатлик тузилмасида мажбурий стажировка ўташ муддати 6 ойдан 3 ойгача қисқартирилади;
👉 давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходимлари ва судья, терговчи ёки прокурор лавозимида камида 3 йил фаолият юритган шахслар мажбурий стажировка ўташдан озод қилинади;
👉 адвокат мақомини олиш бўйича малака имтиҳонини такроран топшириш муддати 1 йилдан 6 ойгача қисқартирилади;
👉 фақат умумий лицензия эмас, ҳар бир танланган ихтисослик бўйича алоҳида лицензия бериш жорий этилади;
👉 адвокатлик бюросини таъсис этган адвокатларга ўз фаолиятини ўзига тегишли бўлган турар-жойларда ушбу турар-жойларни нотурар жой тоифасига ўтказмасдан амалга ошириш ҳуқуқи берилади;
👉 адвокатлик лицензиясининг амал қилиши фақат суд тартибида тугатилади;
👉 адвокатларнинг ўзларининг ҳимоя остидаги шахслар билан аудио ва видео кузатув қурилмалари бўлмаган махсус хоналарда ҳамда бегона шахсларнинг иштирокисиз ўз вақтида ва ҳеч қандай тўсиқларсиз учрашиши таъминланади, бунда адвокат ва ҳимоя остидаги шахснинг суҳбатини учинчи шахслар эшитишини истисно этган ҳолда уларни визуал кўриб туриш имконияти сақлаб қолинади;
👉 ҳимоя остидаги шахслар билан учрашиш жараёнида адвокатлар томонидан электрон воситалардан (мобил телефон, фотоаппарат ва диктофон) фойдаланиш имконияти берилади;
👉 адвокатлар томонидан ўз ҳимоя остидаги шахс билан учрашиш учун адвокатлик гувоҳномаси ва муайян ишни юритиш учун ордердан ташқари, қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим қилиш талаби бекор қилинади;
👉 адвокатга суд биносига компьютер, мобил телефон ва бошқа коммуникация ускуналарини эркин олиб киришга ҳуқуқ берилади;
👉 адвокатлик тузилмалари етарли бўлмаган ҳудудларда фуқароларнинг мурожаат қилишлари учун қулай бўлган жойлардан адвокатларга зарур бино ва иншоотлар, шунингдек, бундай бино ва иншоотларни қуриш учун ер майдонлари ажратилади;
👉 суд процессига тайёргарлик кўриш учун умумий юрисдикция судлари биноларида адвокатлар учун алоҳида хона ажратилади;
👉 адвокат мақомини олиш учун зарур ҳужжатларни электрон тартибда тақдим этиш ва имтиҳон жараёнини реал вақт режимида Интернет тармоғида трансляция қилиш йўлга қўйилади;
👉 аҳолини қизиқтирган мезонлар бўйича (адвокатнинг ихтисослиги, адвокатлик тузилмаси жойлашган жой ва ҳоказо) адвокатларни излашга оид электрон сервис яратилади;
👉 гумонланувчи, айбланувчи ва судланувчига давлат ҳисобидан ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи адвокатни автоматик равишда танлаш бўйича махсус электрон тизим жорий этилади (яъни терговчиларнинг исталган ҳужжатга имзо қўйишга тайёр бўлган "дежурный" адвокатларига чек қўйилади);
👉 адвокатлар ҳимоя остидаги шахс билан ўзлари учун қулай бўлган вақтда учрашиши учун ахлоқ тузатиш ва тергов ҳибсхоналарига ташриф буюриши ҳақида олдиндан хабарнома юборишлари мумкин бўлган махсус электрон портал яратилади;
👉 адвокатура тизимидаги иш стажидан келиб чиқиб адвокатлар малака даражаларини бериш жорий этилади;
👉 ҳар йили "Йилнинг энг намунали адвокати" ва "Йилнинг энг намунали адвокатлик тузилмаси" танловлари ташкил этилади;
👉 адвокатлар ва адвокатлик тузилмалари рейтинглари тузилади ва очиқ ҳолда эълон қилинади.
Каналга уланиш: 👇
https://t.me/xushnudbek

