Абдулазиз Камиловнинг Украина бўйича баёноти резонанс берди
Xushnudbek.uzMatn2 daqiqa0tahrirlanganManba:davletovuz
Ташқи ишлар вазиримиз Абдулазиз Камиловнинг Украина атрофидаги вазият бўйича баёноти нафақат Ўзбекистон, балки МДҲ мамлакатлари ва ундан йироқларда ҳам катта резонансга сабаб бўлди. Буни ижтимоий тармоқлардаги фикрлардан, изоҳлардан ҳам кўриш мумкин. Вазирнинг сўзлари кўпчиликни ўйлантириб келаётган муаммога, замонавий тил билин айтганда, “i” устига нуқта қўйди. Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари орасида биринчи бўлиб, Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қатъий ва очиқчасига қўллаб-қувватлади, ДХР ва ЛХР деб деб ном олган сунъий тузилмалар тан олинмаслигини таъкидлади.
Абдулазиз Ҳафизович ҳақиқий дипломат сифатида Украинанинг ҳудудий яхлитлигини тан олган ҳолда Россияга қарата қанақадир кескин баёнот билдирмади, Ўзбекистон Россияга қарши эмас, балки баҳс-мунозараларнинг уруш йўли билан ҳал қилинишига қарши, холос. Бу қайта-қайта таъкидланяпти. Ўзбекистон нима деган тақдирда ҳам халқаро ҳамжамият, аввало, БМТ Украина ҳудудида ташкил этилган сунъий тузилмаларни тан олмасди. Буям ҳаётий ҳақиқат.
Афсуски, ҳозир Россия бундай баёнотларни жуда оғир олади, эрта-индин рус пропаганда телеканаллари ва интернет нашрларида Ўзбекистонга қарши ахборот хуружи уюштирилиши, мигрантларга қонунчилик ва бошқа талабларни кучайтиришга чақириқлар янграши мумкин. Бунгаям руҳан тайёр туриш керак.
Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида катта вазнга эга. Хоҳлаймизми-йўқми, ташқи ишлар вазиримизнинг баёноти минтақадаги вазиятни ҳам, муҳитни ҳам ўзгартиради, иккиланиб турган бошқа қўшниларимизга ҳам руҳий далда бўлади. Ўзбекистоннинг шу маънода Кремлнинг кескин босимига қарамасдан ўз позициясида қатъий тураётганини фақат алқаш мумкин. Бугунги баёнот турли қуруқ гаплардан кўра кўпроқ вазнга, қадриятга эга.
Яна бир масала. Ўзбекистон сингари эҳтиёткор мамлакат Россиянинг хатти-ҳаракатларига қарши очиқча баёнот бераётган экан, Россиянинг Украина ҳудудида олиб бораётган “махсус операцияси” чинданам ёмон кетаётганлигини кўрсатиши мумкин.
- 👍 1394




