16 февраль воқеаларига 20 йил тўлди
Xushnudbek.uzMatn2 daqiqa016 февраль воқеаларига ҳам 20 йил бўлибди!
Ўша кунни яхши эслайман, 5-синфда ўқирдим. Телевизорда «Шайтанат» сериали бўлаётганди (ўзи у пайтлар 1-2 та канал бўларди холос). Бирдан сериални ўртасидан узишган. Ва экранда диктор пайдо бўлиб, Тошкентда бир нечта жойда портлаш бўлгани, лекин ваҳима қилишга асос йўқлиги, ҳаммаси назоратга олинганини айтган. Ва яна сериал келган жойидан давом этган (Элчин билан Зелихоннинг қамоқхонадаги суҳбати эди, адашмасам).
Тўғри, портлаш асоратларини тўлиқ тушунадиган ақлим бўлмаса ҳам, жуда бир ғалати бўлиб кетганман. Юраклар дук-дук уриб, хавотирга тушиб қолганман.
Ёдингизда бўлса, ўшандан кейин 1-2 ой фақат шу мавзу кун тартибида бўлган. ТВда кимлар қидирувга берилганию, кимлар қўлга олингани ҳақида маълумотлар бериб борилганди. Жиноятчиларни қидириш ва ушлаш жараёнлари одамлар орасида қўшиб-чатилиб, афсоналарга айланиб кетган. Мактабда, кўча-куйда болалар билан йиғилиб қолсак ҳам, фақат шу ҳақида гаплашардик, ҳамма бир-биридан кўпроқ маълумот биладигандай қилиб кўрсатишга уринар, жангари киноларда кўрган саҳналаримизни худди ҳаётда бўлгандай гапириб беришга ҳаракат қиларди. Лекин шу пайт ҳеч ким бир-бирига эътироз қилмас, "бу ёлғонку, бунақа бўлмаганку" демасди. Болалик даври ажойибда.
Лекин негадир бу йил ТВда жимлик-а? Ҳеч бўлмаса, ўша машъум воқеада ҳалок бўлганлар хотираси ёдга олиб қўйилса ёмон бўлмасди. Ёки бўлдию, мен кўрмай қолдиммикин.
Майли, ҳар не бўлсада, юртимизда тинчлик бўлсин. Бунақа террористик актлар бошқа қайтарилмаслигини чин дилдан истаймиз ва дуодамиз.
Каналга уланиш: 👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ


