Yuriy Dudning Kremniy vodiysi haqidagi filmi
Xushnudbek.uzMatn2 daqiqa0tahrirlanganЕрдаги ўзга сайёра ҳақида фильм
Аслида қайсидир видеони 3 соат қимирламасдан кўришим жуда қийин. Албатта бошқа хабарлар, юмушлар диққатимни бўлади ёки энг қизиқ кино бўлса ҳам айрим жойларини ўтказиб кўришим мумкин. Аммо мана бу видеони мижжа қоқмасдан, ўтказмасдан, имкон қадар бошқа нарсаларга чалғимасдан бир нафасда томоша қилдим.
Юрий Дудь навбатдаги фильмини (интервью дегим келмаяпти) АҚШдаги Кремний водийсидан тайёрлабди. IT соҳасининг гигантлари жойлашган бу водийда ишлаётган руслар билан суҳбатлашибди.
Тўғрисини айтсам, бу умуман бошқа дунё, бошқача олам. Балки Ер эмас, Марс ёки бошқа сайёра деб ўйлаб қолади одам. У ердагиларнинг дунёқараши, фикрлаши, қадриятлари бизнинг қаричларимизга мос эмас. Аниқроғи биз қаричласак, улар қадамлаб ўлчайдиганга ўхшайди.
Нега Ўзбекистонда тизим бундай эмас, нега бизда расмийлар бунақа қилишмайди, нега бизда тадбиркорлар булардай ўйламайди, нега биздаги таълим тизими Стэнфорд университетидан фарқ қилади, нега бизнинг ректорлар талабаларга бошқача қарайди, деган саволларни бермайман. АҚШ билан ўзимизни солиштириб, ўзимизни айблаш фикридан йироқман. Тан олиш керак, Кремний водийсига ўхшаган лойиҳани Ўзбекистон тугул, дунёнинг манаман деган бошқа давлатлари ҳам қайтара олмаяпти.
Аммо айблаш мақсадида эмас, шунчаки ўрнак олиш мақсадида албатта бу видеони кўриб чиқишингиз керак. Айрим жойларида ҳайратланасиз, айрим жойларида завқланасиз, айрим жойларида илҳомланасиз, баъзи гапларни эшитиб эса биздаги ҳолат ёдингизга тушиб, дилингиз хира бўлиши ҳам мумкин.
Аммо барибир Сиз бу видеони албатта кўринг. Чалғимасдан, қимирламасдан, диққат билан кўринг. Ёқимли томоша тилайман.
Русчаси: https://youtu.be/9lO06Zxhu88
Ўзбекчаси: https://t.me/xushnudbek/5622
Хулосаларингизни эса изоҳларда кутиб қоламиз.
👉 @xushnudbek 👈





