Ижтимоий тармоқлардаги 1 млрд сўмлик жарима сабаби

Matn12-aprel, 2019, 17:202 daqiqa0 koʻrishtahrirlangan

​​Ижтимоий тармоқларда 1 млрд 13 млн сўм жаримага тортиш ҳақидаги мана бу сурат айланиб юрибди. Кўпчилик буни фотошоп бўлса керак, деяпти. Йўқ, менимча бу фотошоп эмас.

Унда 1 млрд жарима солиш мумкинми, дерсиз. Йўқ, энг оғир жиноятларни содир қилганда ҳам максимум ЭКИҲ 600 баравар жарима солиш мумкин (ҳозирги кунда 121 млн 638 минг сўм).

Ия, унда гап нимада? Бу рақамлар қаердан келиб қолди?

Ҳаммаси оддий. Техник хатолик бўлган. Тушунтиришга ҳаракат қиламан.

Ҳайдовчи содир этган қоидабузарлик МЖтКнинг 128-моддаси 1-қисми билан малакаланган. Ушбу банд бўйича ЭКИҲ иккидан бир қисми (ярим минималка) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Бизда ЭКИҲ – 202 минг 730 сўм. Бунинг ярми 101 365 сўм бўлади.

Энди расмдаги жарима миқдорига қаранг: 1 013 652 019.

Демак, оддий мантиқни ишлатинг ва жавобни осонгина топинг. Топдингизми?

Ҳа, тўғри фаҳмладингиз, ЙПҲ инспектори 101 365 сўм жарима миқдоридан кейин 2019 дея йилни ҳам ёзворибди. Ўшанчун жарима миқдори 1 млрд бўлиб кетган.

Унда қавс ичидаги сўз билан ёзилган жаримачи, дейсизми? Бу автоматик дастур, тизимга қайси рақамни киритсангиз, уни сўз билан ёзиб ташлайди (“сумма прописью” дейилади).

Ўша ҳайдовчига энди нима бўлади, дейсизми? Ҳеч нарса, у қонунда белгиланган 101 минг 365 сўм жаримани тўлайди, ундан 1 сўм ҳам кўп эмас. Балки ИИБ уялганидан жаримадан воз кечворар, ёки ўша хатони қилган инспектор тўлаворар, ким билсин яна 😂

👉 @xushnudbek 👈

Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek