Сўзлар ўйини: Хитой ва Россия муносабатларидаги фарқлар
Manba:davletovuz
Сўзлар ўйини
Сийқаси чиққан бўлса-да, урушнинг биринчи қурбони — ҳақиқат. Золим ҳам, мазлум ҳам ўзига қулай гапни айтади. Бу, айниқса, сиёсий баёнотларда ҳам ўз аксини топади. Рус пропагандаси ва расмий Кремль, масалан, Хитой Россияни қўллаб-қувватлайди, маъносида турли ахборотлар тарқатишда давом этмоқда. Кеча Путин ва Си Цзиньпин ўртасида телефон орқали мулоқот бўлди. Кремлнинг расмий сайтида Хитой Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларига “ҳурмат билан муносабатда бўлишини”, деб ёзган. Хитой расмий агентлиги Синьхуа тарқатган хабарда эса бунақа гап йўқ.
Хитой, дейилади хабарда, Украина масаласидаги позициясини ўз қарашларидан келиб чиқиб белгилайди. Совуқ уруш менталитетидан қутилиш керак. Масалани ҳал қилишнинг тинч музокаралар йўлини қўллаб-қувватлайди. Хитой ҳудудий яхлитлик ва суверенитетни ҳурмат қилишда давом этади.
Хитой кеча БМТ хавфсизлик кенгашининг Россияни қоралайдиган резолюциясига овоз бермади, яъни қарши бўлмади, шунчаки бетараф қолди. Бу бетарафликни Хитойнинг анти-ғарб риторикаси ва Россия билан стратегик шериклик фонида резолюцияни қўллаб-қувватлаш билан тенг, деб қабул қилиш мумкин. Маълумот учун мазкур резолюцияга қарши фақат Россия овоз берди, холос. Кеча Ўзбекистон бўйича ҳам Кремль худди шундай иш тутган эди. Россия уруш иштирокчиси, унинг гапларига ишонмаслик учун эса барча асослар бор.
- 👍 2054


