Сўхлик блогер Дадахон Ҳайдаров иши бўйича тафсилотлар
Xushnudbek.uzMatn2 daqiqa0tahrirlanganСўхлик блогернинг адвокати: «мижозимни айбдор деб ҳисобламайман»
Кун.уз сўхлик блогер Дадахон Ҳайдаров (Ҳайдаржон Бобоҳайдаров) масаласида қўшимча маълумотлар эълон қилди.
Фарғона вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Алишер Бобохўжаев ҳолат юзасидан қуйидагиларни билдирган:
«Тергов ҳаракатлари давомида «Дадахон» тахаллуси билан танилган Ҳайдаржон Бобоҳайдаров оммавий тартибсизликлар вақтида фаоллик кўрсатиб, ҳокимият вакилларига қаршилик кўрсатишда иштирок этганлик ҳолатлари бўлгани сабабли ушбу фуқаро жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган ва ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.
Ушлаб туриш муддати жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг ажрими билан ЖПКнинг 226-моддаси тартибида 10 суткага узайтирилган. Ҳозирда Ҳайдаржон Бобоҳайдаровга айб эълон қилиш билан боғлиқ ҳолатлар текширилмоқда. Ушбу масала тергов ҳаракатлари давомида ҳал қилинади», – деди Алишер Бобохўжаев.
У гумонланувчининг ИИБ ходимлари томонидан бошига қоп кийдириб олиб келинганини рад этди. Шунингдек, унинг саломатлигидан шикоят келиб тушмаганини билдирди.
«Бобоҳайдаров Ҳайдаржон Фарғона вилояти ички ишлар бошқармасининг вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида сақланмоқда. Ҳибсхонада кузатув камералари ўрнатилган», – деди прокуратура расмийси.
Ҳайдаржон Бобоҳайдаровнинг адвокати Ҳамидахон Абдуназарованинг сўзларига кўра, ҳимояси остидаги шахсга нисбатан тўпланган далиллар етарли эмас ва ҳозирча унга тақдим этилмаган.
Адвокат 29 август куни вилоят ИИБ ҳузуридаги вақтинча сақлаш ҳибсхонасида бўлиб, у билан суҳбатлашган. Блогернинг ҳибсга олинишига унинг Сўх воқеалари вақтида Бош вазирга вилоят ҳокимини лавозимидан олиш ҳақида таклиф киритганининг алоқаси йўқлигини, ҳимояси остидаги шахс бошига қоп кийдириб олиб кетилгани ҳақида ҳеч нарса демаганини билдирди.
Мана бу видео-репортажда батафсилроқ маълумотлар берилган:
https://youtu.be/5zYxnWa8KTc
Изоҳ: эълон қилинаётган маълумотларда аниқ саналар ҳақида ҳеч нарса айтилмаяпти. Дадахон Ҳайдаров 22 август куни олиб кетилгани маълум, аммо унга нисбатан ушлаб туриш тарзидаги эҳтиёт чораси қайси куни қўлланган, қайси куни суд муддатни 10 кунга узайтириб бериш ҳақида ажрим чиқарган, ўша 10 кунлик муддат қачон тугайди, булар ҳақида ҳеч нарса дейилмаяпти. Бизнинг тахминий ҳисоб-китобларимиз бўйича, 23 август кунидан буён расман ушлаб турилибди ва 2 сентябрь куни унинг очиқликка чиқиш ёки чиқмаслиги узил-кесил маълум бўлади.
Ҳозирда Дадахон Ҳайдаровнинг мақоми - гумон қилинувчи. Демак, ҳали унга айб эълон қилиш учун етарли асослар топилмаган.
Агар шу 2-3 кун ичида унинг мақоми айбланувчи сифатида ўзгарса, унда қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси уч ой муддатга (ушлаб туриш вақти ҳисобга олинган ҳолда) қўлланилган ҳисобланади.
👉 @xushnudbek 👈

