Қирғиз депутати Бош вазирга 5600 сомга яшаш ҳақида савол берди

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanalMatn2 daqiqa0tahrirlangan

​5600 сомга яшаса бўладими? Қирғиз депутати Бош вазирга савол берди

Кеча, 3 февраль куни Қирғизистон Парламентида Бош вазир лавозимига таклиф қилинган номзод Улуғбек Марипов депутатлар олдида ўз дастурини ҳимоя қилди. Депутатлар номзодга дастури юзасидан саволлар беришди.

Масалан, депутат Достон Бекешев ҳамда Бош вазирликка номзод Улуғбек Марипов ўртасида шундай суҳбат бўлган (видеоси пастда):

— Улуғбек Асомиддинович, 5600 сомга (қирғиз соми назарда тутилган, ўзимизнинг пулга 700 минг сўм атрофида) яшаб кўра оласизми?

— Достон Далибаевич, 5600 сомга ҳам яшаса бўлади, лекин жуда қийин. Нима ҳақида сўраётганингизни тушундим, гап яшаш минимуми ҳақида кетяпти.

— Унда нега биз халқни алдаяпмиз? Ҳукумат қарорида мана шу яшаш минимум миқдорни белгилаб, худдики шу пулга яшаса бўлади деяпсиз-да.

— Бу миқдор ноиложликдан киритилганди, биз қайта кўриб чиқамиз.

— Бизда аниқ муаммолар турганда, структураларни алмаштириш, иккинчи референдум ўтказиш кабилар билан юрибмиз. Фақат сиёсат билан шуғулланяпмиз холос. Нарх-наво ошиб кетяпти, лекин ойликлар ошмаяпти. Биз фақат шифокор ва ўқитувчиларни гапирамиз, лекин бошқа ижтимоий соҳа вакиллари ҳам бор-ку, масалан, ўт ўчирувчилар, почтальонлар ва ҳ.к. Уларнинг ойликлари қачон ошади? Қачон пенсиялар, нафақалар ошади?

— Қачонки, биргаликда тўсиқларни олиб ташлаб, ўрта ва кичик бизнесни қўллаб, экспорт ҳажмини ошириб, импортни камайтира олсак кўтарамиз.

— Тўсқинликни ким қиляпти, айтсангизчи?

— Тўсқинликни боя ҳам айтдим, тегишли...

— Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, тўғрими?

— Тўғри.

Эслатиб ўтаман, Қирғизистон Жогорку Кенеш депутати Достон Бекешев январь ойида депутатлар, Бош вазир ҳамда Президентнинг ойлик иш ҳақини яшаш минимуми даражасига тушириш ҳақидаги қонун лойиҳасини таклиф қилган эди.

«Бу адолатдан бўлади. Агар Ҳукумат шу пулга яшаб бўлади деб тасдиқлаган бўлса, унда марҳамат, раҳбарлар ва бюджетни тасдиқлашга масъул депутатларнинг ўзи ҳам шу ойликни олсин», деган эди депутат. Лекин бу қонун лойиҳаси Парламент томонидан рад этилган, айрим депутатлар эса Достон Бекешевни популизмда айблаганди.

Қирғизистондаги ушбу депутатни кимга ўхшатдиз? Сиз ҳам дарров Расул Кушербаевни эсладингизми? 😀

👉 @xushnudbek 👈

  • 👍 3
Telegram

Xushnudbek.uzTasdiqlangan kanal

@xushnudbek